Косон туманида яшовчи Али Маркаев фирибгарлик жинояти содир этгани учун муқаддам икки маротаба судланган. Аммо бундан тўғри хулоса чиқармайди. Йўқса яна эски «ҳунар»ини давом эттирармиди. У Қарши шаҳрига келгач, «Нехиа» автомашинасида киракашлик қилиб юрган Б. Итолмасов билан танишади. Гап орасида киракашлик билан шуғулланиш истагини билдириб, автомобилни ойига бир миллион беш юз минг сўм эвазига ижарага олади. Орадан кўп ўтмай, Б. Итолмасов икки бош қорамолини сотмоқчи эканидан хабар топиб, «Молларингизни мен оламан», – дейди. Шу тариқа қишлоқ аҳли орасида мол сотиб олувчи сифатида танилиб, яна бир неча шахсни алдашга муваффақ бўлади.
Сўнг Нишон туманига бориб, О. Хўжакелдиевнинг 4 бош қорамолини 12 миллион сўмга нархлаб, пулини икки ҳафта ичида етказишга ваъда қилади. Сўзи ишончли чиқиши учун тилхат ҳам ёзиб беради. Кейинчалик Ш.Тўраевнинг 15 бош қорамолини 34 миллион сўмга баҳолаб, унинг ишончини қозониш учун ижарага олган «Нехиа» автомобилни гаровга қолдиради. Бироқ у ваъдасини бажармай, молларни олиб қочиб кетади. Фирибгарлик оқибатида мол эгалари ҳам, автомашина соҳиби ҳам жабр кўради.
Жабрланувчиларнинг аризаси асосида Али Маркаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у қидирувга берилди. Қочоқ тез орада қўлга олинди. Гувоҳлар кўрсатмалари ва моддий далиллар унинг айбини тўлиқ исботлади. Ҳозирда жиноятчи қонун олдида жавоб бермоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳар қандай жиноят эртами ё кечми, албатта, фош бўлади. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади. Зеро, жиноят жазосиз қолмайди.
Рамзиддин ОДИЛОВ,
Қашқадарё вилояти
ИИБ ТҚХ ЖҚБ МТБ инспектори, подполковник.
