Кун қаҳрамони


Кун совуқ. Барча одамлар иссиқ кийимларини кийган. Болажонлар қийқириб қор ўйнаган. Хизмат вазифасини ўтаб юрган Яккасарой тумани ИИОФМБ 1-сонли ИИБ ҲПБ профилактика катта инспекторлари, капитанлар Муҳаммаддамин Одилов ва Парда Худойқулов эса кўчада уйсизлиги туфайли дарахт тагида ўтирган бир кишининг ёнига бориб, унга ёрдам беришди. Чунки унинг усти юпун, совуқдан титраб, қақшаб дарахт тагида ўтирарди. 

Ходимлар бу инсонга биринчи ёрдам кўрсатиб, иссиқ кийим-бош ва оёқ кийим беришди. Ўз навбатида, бир-икки фуқаро ҳам ходимларга кўмак бўлишди. Бу ҳолатга гувоҳ бўлган шу атрофдан ўтиб кетаётган фуқаролар осойишталик посбонларига миннатдорчилик билдиришди. Бу, энг аввало, одамийлик, инсонларга бўлган меҳр-оқибат ва касбига бўлган садоқат намунасидир.

Капитан Муҳаммаддамин Одилов 1992 йилда Андижон вилояти Жалақудуқ туманида туғилган. 2015 йилда ИИВ Академиясини тамомлаган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини Андижон вилояти Олтинкўл тумани ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ тезкор вакили вазифасидан бошлаган.

2018 йилдан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИОФМБ 4-сонли ИИБ ҲПБ профилактика инспектори лавозимига ўтказилган. Ҳозирда Яккасарой тумани ИИОФМБ 1-сонли ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори лавозимида фаолият юритмоқда. 

Капитан Парда Худойқулов 1987 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. 2010 йилда Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2012 йилдан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси 4-алоҳида милиция баталонидан бошлаган. 2018 йилда Юнусобод тумани ИИОФМБ Ҳпбга ўтказилган. 2021 йилдан эътиборан Яккасарой тумани ИИОФМБ 1-сонли ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори лавозимида хизмат қилиб келмоқда. 

Сарвар СОБИРОВ,

«Постда» мухбири.