– Итлар кучли ва соғлом бўлиб ўсиши учун уларга витамин ва микроэлементларга бой озуқа берилади, – дейди ветеринар, лейтенант Шуҳрат Эргашев. – Турли касалликларга қарши эмланади. Ҳар бир кучукка жисмоний машқлар бўйича алоҳида тартиб ишлаб чиқилади. Албатта, бундай илмий ёндашув хизмат итларининг доим хизматга шайлигини таъминлашда, жиноят қидирув фаолияти самарадорлигида муҳим аҳамиятга эга.
Кичик инспектор-кинолог, сафдор Ҳасан Холжигитов бир неча йиллардан бери ушбу соҳавий хизматда муваффақиятли фаолият юритаётган ходимлардан бири. У ўзига бириктирилган немис овчаркаси ёрдамида ўнлаб жиноятларнинг очилишига катта ҳисса қўшган.
– Итлар меҳрга ташна бўлади, – дейди Ҳасан Холжигитов. – Яхши муносабатда бўлсангиз, ғамхўрлик қилсангиз, улар сизнинг содиқ дўстингизга айланади. Берилган топшириқни аъло даражада бажаради.
Яқинда тунги навбатчилик пайтида Гулистон шаҳридаги дўконлардан бирида ўғрилик содир бўлгани тўғрисида хабар келиб тушди. Воқеа жойига йўл олган тезкор гуруҳ таркибидаги сафдор Ҳасан Холжигитов ўзига тегишли хизмат ити билан из олишга тушди.
Маълум бўлишича, ўғри дўконнинг том қисмини бузиб ичкарига кирган. Пул ва қимматбаҳо буюмларни олган ва эшикни бузиб, чиқиб кетган. Ит дастлаб из олишга қийналди, кейин эса дўкондан унча узоқ бўлмаган маҳалла кўчаси бўйлаб югурди. Ҳовлилардан биридаги сомон ғарами олдига бориб, ҳура бошлади. Уйдан эллик ёшлардаги хонадон эгаси чиқди. Ходимлар гувоҳлар олдида пичан ғарамини текширишди. Унинг остидан дўкондан ўғирланган қимматбаҳо идиш-товоқлар чиқди...
Вилоят ички ишлар органлари кинология хизмати ходимлари томонидан уларнинг беминнат кўмакчилари ёрдамида очилган бу каби жиноятларга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Аммо улар шарафли хизмати орқали эришаётган ютуқларини ҳамма вақт ҳам ошкор қилишавермайди. Бу соҳавий хизматда юксак инсоний хислатларга эга инсонлар – касбига содиқ, фидойи ходимлар фаолият юритаётганининг далолатидир.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
ўз мухбиримиз.
Сирдарё вилояти.
