Мамлакатимизда ёшларнинг муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда Навоий вилояти ИИБ бошлиғи ва ММХ вилоят бошқармаси раҳбари ана шу мақсадда Навбаҳор туманида уюшмаган ёшлар билан учрашишди.

Муаммоларига ечим истаб келган элликка яқин ёшлар ичида Ғиёс Сайдуллаев ҳам бор эди. У автомашиналарни таъмирлаш бўйича моҳир уста. Аммо ижарага жой олиб ишлашдан анча қийналган. Шу боисдан имтиёзли кредит олиш учун ҳаракат қилаётган эди. Сайёр қабул чоғида мазкур масалани ҳал этишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати атрофлича ўрганилиб, автомобилларга хизмат кўрсатиш шахобчаси фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредит расмийлаштирилиб берилиши айтилди.

Нигора Каримова эса тикувчилик фаолиятини кенгайтириш учун жой сўраб мурожаат этди. Ёш тадбиркор аёлнинг ҳам мурожаати жойида ҳал этилди. Вилоят ИИБ бошлиғи ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси раҳбарининг ўзаро ҳамкорликда ёшлар муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш жараёни барча шаҳар ва туманларда давом этмоқда.

 

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.