– Маҳаллада 2800 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилса-да, туман марказидаги энг гавжум ҳудуд саналади, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Сабаби, бу ерда бозор, истироҳат боғи, автошоҳбекатлар, марказий шифохона ҳамда турли давлат ташкилотлари жойлашган. Шу боис ҳар куни бир неча минглаб фуқаролар бу ерга турли юмушлар билан ёки маданий ҳордиқ чиқариш учун келиб-кетишади. Дастлаб иш бошлаган пайтларимда қаерда жиноятлар салмоғи юқори эканини таҳлил қилиб чиққанман. Шунга қараб, хавфли нуқталарда профилактик таъсир чораларини кучайтирдик.

Катта инспекторнинг қайд этишича, маҳалладаги кўчаларнинг асосий кириш ва чиқиш жойлари ҳамда аҳоли кўп тўпланадиган масканларга кузатув камералари ўрнатилиб, хизмат хонасига ва туман Иибга интергация қилинган. Бу жиноятчиликни жиловлашда яхши самара берди.

– Ҳудудимиздаги истироҳат боғида ёшлар кўп тўплангани сабабли жиноятлар тез-тез содир этилавергач, бу ерга ҳам юзни таниб олиш имкониятига эга камералар ўрнатдик, – дейди осойишталик посбони. – Дастлабки кунлари камераларни кузатиб турганимда бир неча ҳолатда ёшларнинг ўзаро жанжаллашаётганини пайқаб қолдим ва зудлик билан ўша жойга етиб бордим. Кейин ёшларга ҳудуд камералар назорати остида эканини, ҳеч қачон ўзаро жанжаллашиш яхшиликка олиб келмаслигини уқтирдим. 

Маҳалла раиси Одилжон Мадаминовнинг таъкидлашича, рақамлаштириш билан бирга, «хонадонбай» ва «фуқаробай» усулида иш ташкил этилгани ҳам жиноятчиликни жиловлашда муҳим омил бўлмоқда. 

– Ҳар куни биргаликда уйма-уй юриб, одамлар билан мулоқот қиламиз, – дейди оқсоқол. – Фуқароларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларга амалий ёрдам бериш билан бирга, доим ҳушёр ва огоҳ бўлишга, фирибгарларга ишонмасликка, кўчада шубҳали одамларни кўрса хабар беришга чақирамиз. Нотинч, жанжалкаш оилалар билан ҳам алоҳида иш олиб боряпмиз. Масалан, яқинда ажралиш ёқасига келиб қолган иккита оилани ўзаро муросага келтирдик.

Хотин-қизлар фаоли Малоҳатхон Маҳмудова, ёшлар етакчиси Раҳматилло Ҳасанбоев, ҳоким ёрдамчиси Улуғбек Араббоев ҳам профилактика инспектори билан ҳамиша елкадош. Маҳалладаги 885 нафар йигит-қизга ёшлар етакчиси ҳамда профилактика катта инспектори томонидан тизимли равишда амалий ёрдам кўрсатиляпти. Хусусан, 2024-йилнинг ўтган даврида 40 нафар ишсиз ёшга деҳқончилик қилиб даромад олиши учун 25 сотихдан ер майдонлари ажратиб берилди. Икки нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшга эса субсидия асосида меҳнат қуроллари (мотокултиватор, пайвандлаш аппарати) олиб берилди. Яна икки нафар ёш доимий ишга жойлаштирилди. 

Ўсмирларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида маҳаллада ва шу ҳудуддаги мактабларда жами 43 та тўгарак ташкил қилинди. Натижада маҳалла ёшлари ўртасида ҳам жиноят содир этилмади.

Маёр Умиджон Зокиров қанча заҳмат чекса-да, раҳбариятга берган ваъдасини бажарди. 2024-йил бошидан маҳалла жиноятчиликдан бутунлай холи ҳудудга айланиб, «яшил» тоифага ўтди. «Ёзёвон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳозиргача ҳам бирорта кўнгилсиз ҳолат содир этилмади. 2012-йилда соҳада иш бошлаган Умиджон Зокиров 8 нафар ёш инспекторга раҳбарлик ва устозлик ҳам қилмоқда. Эътиборлиси шундаки, унинг шогирдлари назоратидаги маҳаллаларнинг 7 тасида бирорта жиноят содир этилмаган, барчаси «яшил» ҳудуд.

– Ички ишлар органи ходими бўлиб, халқ хизматида юрарканман, отамнинг орзусини рўёбга чиқараётганимдан доим фахрланаман, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Отам Сойибжон Зокиров «Мен-ку маълум сабабларга кўра ниятимга етолмадим. Энди сен шу соҳада ишлаб, халқимизга муносиб хизмат қилсанг, армоним қолмасди», деганди. Шундан сўнг шу касбни танлаганман. Ҳар доим уйга кириб борганимда, у киши: «Эл-у юртимизга садоқат билан хизмат қил. Ҳамиша юзинг ёруғ бўлсин, болам», дея дуо қилади. 

Абдувосит СИДИҚОВ,

ўз мухбиримиз.

Фарғона вилояти.