Фарғона шаҳрида Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳудудий идоралараро комиссияси аъзоларининг навбатдаги йиғилиши ва ўқув семинари ўтказилди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот марказининг Фарғона вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича фикр алмашилди.

Вилоят Ички ишлар бошқармасининг тегишли мутахассислари ҳамда профилактика инспекторлари иштирок этган тадбирнинг биринчи қисмида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазмун-моҳияти, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар, халқаро тажрибалар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Одам савдоси жиноятининг юзага келишига сабаб бўлаётган омиллар, уларнинг олдини олиш чоралари, бу жиноятдан жабрланган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш усуллари ҳақида маъмулотлар берилди.

Шу билан бирга, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳудудий идоралараро комиссияси аъзолари томонидан ҳамкорликда бажариладиган ишлар, келгуси ражалар ҳам ўзаро келишиб олинди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.