Хоразм вилояти ички ишлар органлари ходимлари одам савдоси билан боғлиқ бўлган жиноятларни аниқлаш ҳамда унга қарши курашиш бўйича бир қатор тезкор тадбирларни амалга оширишмоқда.

 – Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ички ишлар органларига одам савдоси билан боғлиқ бўлган 21 та ариза ва шикоят келиб тушган бўлиб, улар атрофлича ўрганиб чиқилди, – дейди вилоят ИИБ ТҚХ Жиноят қидирув бошқармаси бўлинма бошлиғи, подполковник Анвар Авезов.Ушбу мурожаатлар ўз тасдиғини топганлиги учун уларнинг барчасига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур ҳолатларнинг 19 таси шаҳвоний, 2 таси чақалоқ савдоси билан боғлиқ бўлган жиноятлардир. Содир этилган жиноятларда 30 нафар шахс иштирок этган бўлиб, шундан 28 нафари аёл, 2 нафари эркак кишини ташкил этган. Жиноятларда 29 нафар шахс жабрланувчи, деб топилган. Шунингдек, вилоят ҳудудида чақалоқ савдосининг олдини олиш мақсадида ўтказилган тушунтиришлар натижасида 11 нафар фуқаронинг жиноят содир этишига барвақт чек қўйилди.

Вилоят тиббиёт муассасалари томонидан узоқ муддатга чет давлатларга чиқиб, яшаш манзилига қайтиб келган 80 минг 823 нафар фуқародан 32 минг 951 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Шуниси ачинарлики, уларнинг 114 нафарида турли юқумли касалликлар борлиги аниқланди. Айни кунларда тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнлари давом этмоқда.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликдаги тадбирлар самарали давом этмоқда.

Элдор САФАЭВ,

маёр.

Хоразм вилояти.