Эртаси куни бармоқ изларининг яроқлиларини ажратиш ҳамда дактилоскопик базадаги излар билан таққослашни ўргатганди. Мабодо ишим кўнгилдагидек чиқмаса, ўша вазифани қайта-қайта бажаришга ундарди. Шу тарзда Жиззах вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика маркази эксперти, капитан Келдиёр Алибековнинг шогирди сифатида соҳанинг нозик сирларини ўзлаштира бошлагандим.
У нафақат чуқур билими, балки самимий ҳамда очиқкўнгиллиги билан мени қойил қолдирарди. Шу маънода ундаги эзгу хислатларни ўзимга юқтиришга астойдил интилганман. Назаримда, Келдиёр ака ички ишлар органлари тизимида фаолият юритмаганида, албатта, ажойиб ўқитувчи бўларди.
Яна унинг ҳамма ишга улгуриши бизни ҳайратга солади. Чунончи, навбатчилигининг эртаси куни воқеа жойига отланганига кўп бора гувоҳ бўламан. Шунингдек, эксперт-криминалистлар ўртасида ўтказиладиган кўрик-танловларга тайёргарлик кўриш ва қатор ютуқларни қўлга киритишнинг уддасидан чиқади. Жиноятларни фош этиш борасидаги муваффақиятлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Табиийки, саъй-ҳаракатларига яраша ИИВ ҳамда вилоят ИИБ томонидан кўп бора фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланган. Кўксини «Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун», «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишонлари безаб турибди. Оиласи ҳам ҳавас қилгудек. Фарзандларидан бири пойтахтдаги Божхона институтида, бошқаси ИИВ Жиззах академик лицейида таълим олаётир.
Ҳозирда Жиззах вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика маркази бош эксперти,
подполковник Келдиёр Алибековнинг мен каби ўндан ошиқ шогирдлари бор. Шу маънода шахсий таркибимиз
21 йиллик тажрибага эга устозимизни беҳад қадрлайди. Хусусан, мен соҳада неки ютуққа эришган бўлсам, барчасида Келдиёр аканинг ҳиссаси бор, деб ўйлайман. Ҳамон устозимдан билмаганларимни сўрайман.
Дилафрўз ПАРДАЕВА,
подполковник.
Жиззах вилояти.
Суратда: Жиззах вилояти ИИБ бош эксперти, подполковник Дилафрўз Пардаева устози, подполковник Келдиёр
Алибеков билан.
