– Ҳозиргина ёнма-ён ишлаётган сафдошингни зум ўтмай чалажон ҳолда кўриш. Унинг ҳаётини сақлаб қолиш умидида касалхонага шошилиш. Шу ҳолатда унинг онасига дуч келиш... Тўғриси, бу нохуш воқеалар юрагимга қанчалар кучли оғриқ солгани ёлғиз Худога ва ўзимга аён, – дея энг яқин дўстини йўқотган ўша мудҳиш кунни хотирлайди истеъфодаги маёр Абдулла Алоуддинов. – Айниқса, Баҳодирни тупроққа қўйиб қайтганимизда, Ҳошимжон ота «Ўғлим ўрнида ўғлимсан, болам, эшигим сен учун ҳамиша очиқ, келиб тургин», деганида ичимдан нимадир узилгандек бўлган. Умрлари узоқ бўлсин, бугун Ҳошимжон ота 93 ёшда. Ҳар гал у кишини йўқлаб борганимда, дўстим билан боғлиқ хотираларимиз тугамайди. Баҳодир оқил фарзанд, оқибатли дўст, туғма иқтидорли тезкор ходим эди. Қонунбузарлар, жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш билан боғлиқ тадбирларда доим ижобий натижаларга эришарди. Агар узоқ йиллар хизмат қилганида, қанчалаб жиноятларни фош қилиб, кўплаб жиноятчиларни қонун қўлига топширган бўларди.
Ўшанда Баҳодир Содиқов эндигина йигирма беш ёшни қаршилаган, оила қурганига атиги ўн ойгина бўлган навқирон йигит эди. Уни йўқотиш яқинлари, айниқса, ота-онаси учун оғир кечди.
Ҳаётнинг қайсидир кўчасида азиз инсонини йўқотганлар кўпинча бу синовли кўчани айланиб ўтишга ҳаракат қилади. Бироқ Содиқовлар оиласида бунинг акси бўлди. Баҳодирнинг бевақт ўлимидан кейин унинг укаси Ихтиёр ва синглиси Шаҳноза акасининг изидан кетишга қарор қилди. Ихтиёр Содиқов узоқ йиллар Тошкент вилояти ИИББ Йҳхбда фаолият юритиб, подполковник унвонида пенсияга чиқди.
– Фарзанд доғини кўрсатмасин экан, бу жудолик ота-онамга жуда оғир келди, – дейди Тошкент вилояти ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Шаҳноза Содиқова. – Оилавий йиғилсак, онам худди акам ҳозир кириб келадигандек, нигоҳларини эшикдан узмасдилар. Тўй-ҳашамларда, яқинларнинг дийдори, невараларининг шўхликларидан юзлари кулса-да, ҳеч юракдан кулмасдилар, буни биздан доим яширардилар. Афсус, ана шу ичикиш, дард, ғусса онамни бу ёруғ оламдан олиб кетди. Бироқ ҳаёт йўлларимиздаги синовлар касбимизнинг машаққатларга тўла эканлиги Ихтиёр акамни ҳам, мени ҳам ички ишлар органларидаги хизматимизни шижоат билан давом эттиришдан қайтара олмади.
Баҳодир Содиқов хавфли жиноятчиларни қўлга олишдаги жасорати ва қаҳрамонлиги учун вафотидан сўнг «Жамоат тартибини сақлашдаги аъло хизматлари учун» медали билан тақдирланган. Шунингдек, ҳозирда Оҳангарон туманидаги мард ўғлон ўқиган 38-сонли мактабга ва у яшаган кўчага Баҳодир Содиқов номи берилган.
Ҳа, она Ватан содиқ ўғлонларининг жасоратини унутмайди. Мардларнинг ёрқин хотираси қалбимизда абадий яшайди. Зотан, қаҳрамонимиз сингари шу юртнинг тинчлиги, осойишталиги йўлида умрини бағишлаган жонфидолар туфайли ҳар кун юртимизда битта баҳодир туғилажак.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
ўз мухбиримиз.
