Оилавий можаролар туфайли онаси билан тортишиб қолган қиз тонгги соат тахминан 6 лар чамасида 9-қаватга чиқиб, ўзини пастга ташламоқчи бўлади. Бу ҳолатга гувоҳ бўлган фуқаролардан бири дарҳол маҳалла ҳудудига ўрнатилган ташвиш тугмасини босади. Шу заҳотиёқ ички ишлар органи навбатчилик қисмига хабар келиб тушади. 

Воқеа жойига зудлик билан икки нафар ходим – «Дамариқ» маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори, лейтенант Санжар Бекмуродов ҳамда ППХ сафдор ходими Фирдавс Жаҳонов етиб келади.

Вазият ўта қалтис эди. Қиз ҳеч кимнинг гапига қулоқ осмаётганди. Бундай вазиятда пастдан туриб унга бирон нима тушунтириш бефойда эканини тушунган профилактика инспектори 1-подезддан, ППХ ходими эса 2-подезддан томга чиқишади. 

– 9-қаватга кўтарилсам, қиз турган жойга тушиб бўлади-ю, аммо чиқиш имконсиз эди. Бундай вақтда ҳар бир сония ғанимат эди. Қиз ниҳоятда стресс ҳолатида бўлиб, ҳар дақиқада кўнгилсиз ҳолат юз бериши муқаррар эди. Буни англа­ганим сари вужудим музлаб кетарди, танамни совуқ тер босарди, – дейди лейтенант Санжар Бекмуродов.

Профилактика инспектори 9-қаватдаги хонадонлар­нинг бирига кириб, балкондан қиз томонга ўтишга уринади. Лекин қиз қутқаришларини истамай, ёрдам қўлини рад этади. Ходим унга психологик таъсир ўтказишга ҳаракат қилиб, яхши гапириб, ния­тидан қайтаришга уринади. Шу тариқа қўшнининг балконидан 7 метр масофага салкам 25–30 дақиқада ўтади. 

Қиз ниҳоятда ноқулай ҳолатда турарди, ушлаш, тиргак бўлиш учун ҳеч нима йўқ эди. Ходим йўлини топади, тарновга оёғи ва бир қўли билан чирмашиб, иккинчи қўли билан қизни тортиб олади. Қиз типирчилаб, қаршилик кўрсатарди. Ўзи шундоқ ҳам ноқулай вазиятда турган инспектор бир неча бор тойиб кетай дейди. 

– Қизни 10–15 дақиқа давомида ушлаб турдим. Бу орада етиб келган ФВВ қутқарувчилари арқон ташлаб, қизни эҳтиёткорлик билан эсон-омон томга кўтариб олишди. Сўнгги дақиқаларда улгуриб, вазиятни тўғри баҳолаб, вазифамизни бажаролганимиздан, энг асосийси, бир оиланинг гулдек фарзан­дини қутқариб қолганимиздан кўнглим ёришиб, ўзимни хотиржам ва бахтли ҳис қилдим, – дейди қаҳрамонимиз Санжар Бекмуродов. 

Хавф ортда қолгач, шифокорлар қизни тиббий кўрикдан ўтказдилар. Айни пайтда унинг аҳволи қониқарли ҳолатда. 

– Очиғи, қизимни шу даражага боради деб хаёлимга ҳам келтирмагандим, – дейди онаси ҳаяжон билан. – Психолог, хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор профилактик суҳбатлар ўтказишди. Керакли хулосалар чиқариб олдик. Энди қизимга эътиборли бўламан. Профилактика инспектори, лейтенант Санжар Бекмуродовдан ўз ҳаётини хатарга қўйиб жигарбандимнинг ҳаётини сақлаб қолгани учун чексиз миннатдорман. Унинг бурчига садоқати ҳамда фарзандимизни қутқариш чоғида кўрсатган жасоратини бир умр унутмаймиз. 

Адолат ФАЙЗИЕВА,

ўз мухбиримиз.

Тошкент шаҳри.