Асли тошкентлик рус миллатига мансуб 43 ёшли Д.Д бўйни ҳалол меҳнат қилишга ёр бермагани учун яқинларига “Тузук иш тополмаяпман” деб нолиб юраверади. У 2021 йилнинг бошида танишининг таклифи билан Навоий вилояти Зарафшон шаҳрига ишлаш учун келади. Лекин “Ҳар ерни қилмагин орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу” деганларидек, бу ерда ҳам анча вақт бекор юриб, тайинли ишнинг бошини тутмайди. Натижада бор пулининг ҳам чўғи пасайиб, баракаси учади.
Ана шундай кунларнинг бирида шаҳар марказида пиёдалар йўлагидан юриб кетаётган А.Р.нинг бўйнидаги 3 миллион 500 минг сўмлик тилла занжирни юлиб олиб, воқеа жойидан қочиб кетди. У Тошкентга қайтиб кетиш, шу йўл билан жиноятини яширишни мақсад қилди. Аммо режаси амалга ошмади. Зарафшон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи терговчиси, капитан Л. Каримовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли гумон қилинувчининг шахси аниқланиб, қўлга олинди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
