Умиджон ҳақида сўра­сан­гиз, сафдошлари та­лабчан, ўз бурчига содиқ йигит дейишади. Яқинда у касби, берган қасамёдига содиқлигини яна бир бор исботлади. 

«Тошкент – Жиззах» автомобил йўлининг Оқолтин туманини кесиб ўтган қисмида ЙПХ ходимлари «МАН» русумли юк автомашинаси ҳаракатланишида нотекисликни илғашади ва уни тўхтатишади. Текшириб кўрилганида ҳайдовчи, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро спиртли ичимлик таъсирида автомобил бошқариб келаётгани аниқланади. Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилади. 

Ҳайдовчи бир неча соатдан кейин вилоят ИИБ Йҳхбга кириб келади. У тирикчилиги автомашина орқасидан эканини, оилада ёлғиз боқувчилигини айтиб, лейтенантдан баённомани йўқ қилишни ёки бошқа енгилроқ қоидабузарлик билан алмаштиришни сўрайди. 

Бунинг эвазига эса 1000 АҚШ доллари беришини айтади. 

Умиджон бу таклифни қатъий рад этиб, ҳайдовчига бу хатти-ҳаракати жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини тушунтиради. Аммо у қарийб бир неча соат давомида бошқарма биноси олдидан кетмай, қайта-қайта лейтенантни йўлдан урмоқчи бўлади. 

...Умиджон Ўсаровнинг билдиргиси асосида ўтказилган тезкор тадбирда ҳайдовчи лейтенантга 700 АҚШ доллари ва 4 миллион сўм миқдорида пора бераётганида ушланди. Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди. 

Касбига содиқликни, ҳалоллик­ни ўзига маслак қилган Умид­жон Ўсаров оилали. У турмуш ўртоғи билан бир нафар фарзандни вояга етказмоқда.

Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ, 

ўз мухбиримиз. 

Сирдарё вилояти.