Наргиза Қўзибоева Тошкент вилоятининг Чиноз туманида таваллуд топган. 1996-йилда Тошкент тиббиёт билим юртини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2002-йилда ИИВ Қоровул қўшинларининг 7534-ҳарбий қисмида уй-жойдан фойдаланиш хизмати иш юритувчиси лавозимида бошлаган. Айнан шу ҳарбий қисмда турли масъулиятли лавозимларда 2011-йилгача самарали фаолият олиб борди.
Кўп йиллар давомида Тошкент шаҳар Ииббда хизмат қилди. Тажрибаси ва салоҳияти ҳар томонлама ошган Н.Қўзибоева 2020-йилда яна Қоровул қўшинлари сафига қайтди. 7531-ҳарбий қисмда фаолиятини давом эттирган ходима бугунги кунда штаб канслерияси техник-масъул ижрочиси.
—Ёшлигимдан ҳарбий хизматга қизиққанман. Иштиёқ кучли бўлса, қиз боламан-ку, бу соҳада нима қиламан, деган саволлар бўлмас экан. Кун давомида юзлаб ҳарбий хизматчилар билан мулоқот қилишимизга тўғри келади. Негаки, биз ҳужжатлар билан ишлаймиз. Ўзига хос қийинчиликлари бўлса-да, касбимни севаман. Ҳар куни хурсанд бўлиб ишга отланаман. Фарзандларим давлат гранти асосида ўқишларга кирди. Яқинда уй беришди. Шахсий автомобилларимиз бор. Менга ҳавас қилиб, икки синглим ҳам шу соҳани танлади. Ҳар қандай вазиятда сабрли, хушмуомала бўлган инсон кам бўлмас экан, – дейди Наргиза Қўзибоева.
Албатта, аёл ҳарбий хизматчилар юклатилган вазифаларни оила аъзолари ва ҳамкасбларининг маънан қўллаб-қувватлашлари боис уддалай олишмоқда. Айниқса, бу борада уларнинг руҳий ҳолати ва кайфиятининг ижобий бўлиши жуда муҳим.
Давлатимиз томонидан аёлларнинг ижтимоий ҳимояси йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида аёл ҳарбий хизматчиларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларни ва оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, малакали тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш ҳамда мавжуд муаммоларининг ҳал қилинишига устувор аҳамият берилмоқда. Бунинг натижасида ходимлар эришаётган ютуқлар бардавом бўлаётир.
Аброр ПОЁНОВ,
ўз мухбиримиз.
