Гумонланувчи терговчининг саволларига жавоб беришдан қочар, воқеа жойида бўлмаганини, у ерларда таниши йўқлигини айтиб тураверди. Нуридилло Абдумўминов охири унинг бармоқ излари Гулистон шаҳар 1-мавзедаги ўғирлик содир бўлган хонадондан топилганини айтди, эксперт хулосасини кўрсатди. Далил олдида ожиз қолган шахс айбини тан олишга мажбур бўлди...
Нуридилло Абдумўминовнинг босиб ўтган йўли ҳикояга ўхшайди. 1956-йилда Гулистон туманида туғилган. 1973-йил ёзида ўрта мактабни тугатган йигит Гулистон тумани судида котиб бўлиб ишга киради. 1975–1980-йилда Тошдунинг юридик факултетида ҳуқуқ фанининг назарий жиҳатларини чуқур ўрганади. Гулистон шаҳар ИИБ Тергов бўлими терговчиси вазифасида бошлайди.
Тергов бўлими бўшлиғи маёр Акром Байроқдоров ёш кадрга ҳужжат расмийлаштиришни тергов қилиш жараёнини ўргатади. Бу ўз самарасини бермай қолмайди. Маълум вақт ўтгач, у терговчи сифатида анча шаклланади. Шундан кейин эса ўғрилик, босқинчилик каби жиноятларни тергов қилишга рухсат берилади.
– Ўша йилларда ҳужжатлар машинкада ёзиларди, компютер йўқ эди, – деб эслайди истеъфодаги маёр Нуридилло Абдумўминов. – Ҳар бир қоғознинг орқасига копия қиладиган қора қоғоз қўйилар, ҳар бир ҳужжат олти нусхада босиларди. Кечаси билан машинкаларимиз чиқиллаб чиқарди. Ҳар бир жиноят иши йигирма-ўттиз варақ бўлиб кетарди. Расмийлаштириш оғир бўлгани боис ҳужжатда хато қилмасликка ҳаракат қилардик.
Нуридилло Абдумўминов олти йил давомида Гулистон шаҳрида терговчи лавозимида мана шу тарзда ишлади. Шу даврда у уйланди. Фарзандлар кўриб, оиласи катталашди. У ҳалиям ҳар куни қирқ чақирим йўл босиб ишга бориб-келарди. Шу боис раҳбариятдан ишини Гулистон туманига кўчиришларини сўради. 1986-йил аризаси қаноатлантирилиб Гулистон тумани ИИБ Аҳлоқ тузатиш ишлари бўлимига ўтказилди. Тўрт йилдан сўнг туман ИИБ Паспорт бўлими бошлиғи этиб тайинланди.
Нуридилло Абдумўминов, айниқса, ушбу лавозимда ишлаган йилларда ўз касбига, хизмат вазифасига содиқ ходим сифатида ҳурматга сазовор бўлди. У узоқдан келган фуқароларнинг, кекса инсонларнинг биринчи ўринда ишини битириб беришга ҳаракат қиларди. Уларни сарсон қилмасликка уринарди. Халқпарвар раҳбарнинг бу хатти-ҳаракатини ҳамма доим мамнуният билан қабул қиларди.
У шогирдлари маёрлар Учқун Акромов, Олимжон Зулпановларга ҳам шу хислатини сингдирди.
Нуридилло ака оилапарвар инсон.
У турмуш ўртоғи биан тўрт қиз ва икки ўғилни вояга етказган. Ўғиллари тадбиркорлик билан шуғулланишади. 2000-йилда пенсияга чиққач, ҳозир ҳам тиниб-тинчимайди. У Гулистон тумани ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси. Қарийб 150 нафарга яқин фахрийларнинг ташвиши унинг зиммасида.
«Фахрийларнинг бой тажрибаси бугун ёш ходимларнинг хизмат фаолиятини самарали ташкил этишда жуда зарурдир. Шу сабабдан улар ҳолидан мунтазам хабар олиш, муаммолари билан қизиқиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бошқа масалаларда биз доимо ёрдамга тайёрмиз», – дейди истеъфодаги маёр Н.Абдумўминов.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
ўз мухбиримиз.
Сирдарё вилояти.
