Яҳудийлар орасида бир ҳикоят жуда машҳур. Унга кўра, бир фермернинг эшаги қудуққа тушиб кетибди. Жонивор тинмай мунгли ва ҳазин товуш чиқарар, чорвадор эса нима қилишга боши қотиб турарди. Ва ниҳоят, у бир қарорга келади. Фермер эшакни жуда қариб қолган ва ферма учун кераксиз деб топиб, қудуқ аллақачон қуриб қолганини инобатга олган ҳолда унинг ичига тўпроқ тўлдириш ва шу орқали эшакни ҳам кўмишни режалаштиради. У қўшниларини ёрдамга чақиради ва ҳаммаси биргаликда енг шимариб, ишга киришишади.
Бир қанча вақтдан сўнг фермер ўз жонивори тўпроқ остида қолганига ишончи комил бўлиб, пастга қарабди. Лекин ҳайратдан кўзлари олайиб кетибди. Эшак ўзининг устига тушаётган ҳар бир тупроқ уюмини силкитиб қоқиб ташлаб, тўпроқ устига чиқиб оларди. Тез орада унинг юқорига кўтарилиб, қудуқдан сакраб чиққанини кўрган одамлар ҳайратдан донг қотишибди…
Худди шундай, бизнинг ҳаётимизда ҳам турли қийинчиликлар, атрофдагиларнинг мана шу тупроқ каби биз томонга отаётган фисқу фасод, ғийбатли гап-сўзлари тез-тез учраб туради. Ҳар сафар йиқилганда, уст-бошингизни бир қоқиб ташлаб, оёққа туринг. Юзага келган ҳар бир муаммо янада юқори кўтарилиш имконияти эканини ёдда сақланг. Энг муҳими, тўхтаб қолманг ва таслим бўлманг, ана шундагина ҳаёт йўлидаги ҳатто энг чуқур қудуқдан ҳам чиқишга муваффақ бўласиз. Унутманг, муаммо ва қийинчиликлар – ҳаётнинг сиз томон «отаётган» тошлари. Аммо бу тошларни босиб ўтиб, шиддатли оқимни енгиб ўтиш мумкин. Сиз муаммо деб қабул қилган ушбу тошлар аслида ҳаётни барпо этиш учун сарфланадиган қурилиш материалидир.
Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
