Юртимизда ижтимоий ҳимоя тизими йил сайин такомиллашиб боряпти. Муҳтожларга, ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Маҳалладаги болалигидан ногирон болага ажратилаётган нафақа, етим-есирларга яратилаётган шароитлар – буларнинг барчаси мазкур тизим фаолиятининг амалий натижаларидир. 

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётида фаоллигини ошириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. 

Туманнинг «Болдир» маҳалласида яшовчи Собир Эргашев бундан 33 йил аввал бахциз ҳодиса туфайли икки оёғидан айрилган. Шундан сўнг тушкунликка тушган, ҳаётдан умидини узган кунлари ҳам бўлди. Аммо сабрига суяниб яшади. Оиласининг фаровонлиги, фарзандларининг келажаги учун масъул эканлигини унутмади. Шу аҳволида ер чопди, пахса қуйди, ғишт терди, томорқада ишлади, поябзал таъмири билан шуғулланди.   

Маҳалланинг ижтимоий ходими Ўғилой Маҳкамова Собир аканинг аҳволини ўрганди, эшитди, тушунди. 2025-йилнинг апрел ойида унга махсус буюртма асосида протез оёқлар тайёрланди. Протезни илк бор кийган куни Собир аканинг кўзларида шундай ёруғлик бор эдики, бу нурни сўз билан ифода этиш қийин. У эҳтиёт бўлиб ўрнидан турди. Аввал бир қадам, кейин иккинчи, учинчи қадам босиб, ўзига ўзи шивирлаб шундай деди: «Мен юряпман. Мен яна бошқа одамлар сингари юряпман!» Бу оддий юриш эмас, инсон иродасининг, сабр ва интилишининг ғалабаси. 

– Ўшанда ҳаётим янгидан бошланди гўё. Энди юра олмасам керак деб умид узгандим. Шундай бўлса-да, ўзимни қўлга олиб, деҳқончилик қилдим, косибчилик билан шуғулландим. Оилам бутлиги, фарзандларим униб-улғайиши учун меҳнат қилдим. Сабр таги сариқ олтин экан, менга кўрсатилган ёрдам, мурувват умримни нурафшон этди. Мени йўқлаб туришибди, сиҳатгоҳларга юборишяпти, тиббий кўриклардан ўтказишяпти. Бундай инсонпарвар Ватанда яшаганинг сайин яшагинг келади, – дейди Собир ака. 

Ҳа, инсон эгилиши, букилиши мумкин. Аммо уни қўллаб-қувватловчи давлат, жамият бор экан, синмайди. Собир аканинг ҳаёти бунга яққол мисолдир. Ижтимоий ҳимоя – бу ҳаётда дуч келган муаммолари ечимини тополмай турган инсонларга ҳар томонлама мадад бўлиш, уларнинг келажакка бўлган ишончини тиклаш демакдир. Мамнун чеҳралар, чин дилдан қилинган дуолар, шодликка йўғрилган кўнгиллар – буларнинг барчаси шу тизимга берилган юксак баҳодир.

Умида МАМАДАЛИЕВА,

ўз мухбиримиз.

Самарқанд вилояти.