#Ҳаёт_мактаби
Нуфузли идорада ишлаётган Раҳбар машинасида кетаётиб, бекатда автобус кутиб турган Устозини кўриб қолди ва четга ўтиб тўхтади. Устознинг олдига бориб, машинасида манзилига етказиб қўйишга кўндирди. Бир оз ҳол-аҳвол сўрашишдан сўнг Раҳбар ўзини ноқулай сезганча гап бошлади:
– Муаллим, мен сиздан бутун умр миннатдорман. Нафақат таълим ва тарбия берганингиз учун, балки нотўғри йўлдан қайтарганингиз учун ҳам сизга катта раҳмат айтмоқчиман.
– Болам, мен сени қайси ёмон йўлдан қайтаргандим, хотирамга келмаяпти-да?
– Эсланг, муаллим, эсланг. Бешинчи синфда бизнинг синф раҳбаримиз эдингиз. Бир куни ўртоғим тақиб келган соат кўзимга жуда чиройли кўринди. Жисмоний тарбия дарсида ўртоғим соатини ечиб, сумкасига солган пайти мен уни ўғирладим. Дарс тугагач, бўлди тўполон, бўлди томоша. Ҳеч ким соатни кўрмаган ва олмаган. Мен ҳам олмадим деб туриб олдим. Жисмоний тарбия устозимиз сизни бошлаб келдилар.
Сиз ўшанда: «Менинг болаларим ўғри эмас, соат қаергадир тушиб қолган, биз уни албатта топамиз. Бу воқеани ҳеч кимга айтманг», деб устозни чиқариб юбордингиз. Шундан сўнг бизга қараб: «Қани ҳаммангиз бир сафга туринг ва кўзингизни юминг. Кўзини очганни ўғри ҳисоблайман», дедингиз.
Ҳамма қатори мен ҳам сафдаман. Чўнтагимда соат. Қалт-қалт титрайман. Миямда бир хаёл: «Энди нима бўлади? Топиб олсалар, шарманда бўламан, отам ўлдирадилар!» Шу пайт қўлингиз чўнтагимга кирди. Соатни олдингиз. Бир пас олдимда туриб, мендан кейинги болаларни текширишда давом этдингиз. Текширув тугагач, ҳаммамизга кўзимизни очишни буюрдингиз. «Соат топилди!» дея уни эгасига қайтардингиз.
Шу тариқа ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолди. Лекин бу воқеани ҳар эслаганимда хижолат тортиб, сизни эслайман. Мени синфдошлар, ўқитувчилар, ота-онам олдида шарманда бўлишимга йўл қўймаганингизни ўйлаб, сиздан миннатдор бўламан.
– Ҳа-а, эсладим, болам, эсладим бу воқеани. Ўғригина болам сен экансан-да.
– Тушунмадим, муаллим, ўзингиз чўнтагимдан соатни олгандингиз-ку?
– Тўғри, лекин сизларнинг чўнтакларингизни текширишдан олдин мен ҳам кўзимни юмиб олгандим...
