ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳамда қўшин таркибидаги 7251-сонли ҳарбий қисм шахсий таркиби билан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан профлактик тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари, адлия полковниги Баҳодир Худойбердиев ва Тошкент Ҳарбий прокурори, адлия полковниги Отабек Холбоев иштирок этди. Қўшин қўмондони, полковник Шокиржон Худойназаров тадбирни очар экан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш долзарб вазифа эканлигини, бундай салбий ҳолатлар нафақат ўша тузилма, балки бутун тизимга иснод келтиришини таъкидлаб ўтди. Тадбирда меҳмонлар ҳам сўзга чиқиб, шахсий таркибга содир бўлаётган қонунбузилиш ҳолатлари, жиноятлар ва уларнинг оқибатлари тўғрисида маълумот беришди. Бундай салбий ҳолатлар ҳарбий қисмларда юз бермаслиги учун оддий аскардан тортиб юқори раҳбарларгача қонунийликка ва интизомга қатъий амал қилиши лозимлиги айтиб ўтилди. Тадбир якунида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.

Фозилжон Мамашарипов,

“Постда” мухбири.