Унинг бундай йўл тутишига қонунбузарлар тармоқдан ўтган мис симларни тўғри келган жойидан кесиб олганлиги сабаб бўлганди. Ушбу ҳолат жиноятчиларнинг рангли метални сотиб, фойда кўришни режалаштирганликларига ишора қиларди. Катта сержант адашмаган экан. Жиззах шаҳрининг «Ёшлик» маҳалласидаги металл қабул қилиш шохобчасида ўғирланган сим ўрамларининг бир қисми топилди. 

Шерзод Рустамов ўғирлик юк ортилган автоулов ҳайдовчисини ҳам тезда аниқлади. Бунинг учун шохобчанинг кириш қисмидаги видеокузатув қурилмаси хотирасидаги тасвирларни кўздан кечириш кифоя қилди. Сўнг қонун ҳимоячиси транспорт воситасининг давлат рақам белгиси орқали автомашина эгасини топди. Ўз навбатида, у юкни қайси хонадондан олганлигини кўрсатди. 

Ички ишлар органлари ходимлари Шароф Рашидов туманининг «Пастки сўлоқли» маҳалласида яшовчи қонунбузарнинг ҳовлисига кириб борганларида, симларнинг полиэтилен қопламаси куйдирилишидан ҳосил бўлган чиқиндилар уюмини кўришди. Шундан сўнг рангли металл «ишқибози» айбини тан олишга мажбур бўлди. Ўша куниёқ унинг «Халқобод» маҳалласида истиқомат қилувчи шериги ҳам қўлга олинди. 

Маълум бўлишича, ўғрилар сим ўрамларини 35 миллион сўмга пуллашга улгуришган экан. Қонунбузарларнинг қилмиши «Ўзбекистон темирйўллари» аксиядорлик жамиятига 101 миллион сўмга тушганди.

Табиийки, жиноятни «иссиқ изида» очгани учун Жиззах вилояти Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Жамоат тартибини сақлаш бўлими инспектори, катта сержант Шерзод Рустамов раҳбарият томонидан муносиб тақдирланди.

 Англаганингиздек, лавҳамиз қаҳрамони бошқарманинг энг фаол ходимларидан бири. У 18 йиллик хизмат фаолияти давомида ўндан ортиқ фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланган. Шу йилнинг октабр ойида Шерзод Рустамовнинг оиласи ҳаётида яна бир қувончли воқеа рўй берди – у Шароф Рашидов туманининг «Куёвбоши» маҳалласида ички ишлар органлари ходимлари учун қурилган 6 сотих майдонга эга, 3 хонали замонавий тураржой билан таъминланди. Уй тўловининг 25 фоизи ИИВ томонидан қоплангани Рустамовлар оиласининг қувончини икки баробар оширди. 

Табиийки, яратилаётган бу каби имконият-у имтиёзлар соҳа вакилларини жиноятчиликни жиловлаш йўлида янада фидойилик билан хизмат қилишга ундамоқда. Кези келганда айтиш жоизки, катта сержант Шерзод Рустамов ва унинг патрул-пост хизмати тизимида фаолият юритаётган ҳамкасблари «Ўзбекистон темирйўллари» аксиядорлик жамиятига қарашли ташкилот ва корхоналарда, темирйўллар, вокзал ва бекатларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонунбузарликларнинг олдини олишга астойдил интилмоқда. 

Бу жараён нафақат Жиззах вилояти ҳудудида темирйўллар тизимига алоқадор жамоаларда, балки пўлат изларга ёндош маҳаллаларда ҳам профилактик тадбирларни амалга оширишни тақозо этади. Токи, темирйўлларда бахциз ҳодисалар юз бермасин, йўловчилар эсон-омон, юклар бус-бутун ҳолда манзилига етиб борсин, поездлар ҳаракатига ҳеч нарса монеълик қилмасин. 

Соҳа вакиллари жорий йил ҳисобига 5 та жиноятни фош қилиб, 13 та майда ташмачилик ҳолатига барҳам бердилар. Қолаверса, 9 нафар қидирувдаги шахсни қўлга олишга, 1 нафар бедарак йўқолган фуқарони топишга муваффақ бўлишди. Бундан ташқари, 1183 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённомалар тузилди, 4 нафар шахс Реабилитация марказига, 3 нафар бола эса Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Қисқаси, жиноятчиликни жиловлаш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.