Сафдор Дилмурод Ҳасанов ички ишлар органларида 2015-йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Бугунги кунда ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Биринчи минтақавий ҳудуд 24-сон тарбия колонияси қўриқлаш отряди катта назоратчиси.
– Билиб-билмай жиноят содир этган ўсмирларнинг гулдек умри бу ерда ўтаётганидан юрагим эзилиб кетади, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Нафақат шу тизимда ишлаётган ходим, балки бир оиланинг боши сифатида ҳам шуни айтардимки, барча турдаги, айниқса, вояга етмаганлар жиноятчилигини жиловлашимиз зарур. Фикримча, уларнинг жиноят кўчасига кириб қолишига ота-оналарнинг фарзанд тарбияси учун кам вақт ажратиб, тақдирига бефарқ бўлаётганлиги, қолаверса, таълим муассасалари билан ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги сабаб бўлмоқда.
Вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳар бир жиноят фавқулодда ҳолат деб ҳисобланиши керак. Шунинг учун биз ёшларга ғамхўрлик қилишимиз, уларнинг қалбида «Мен жиноятчиликка қаршиман, ўртоқларимнинг жиноят кўчасига кириб кетишига йўл қўймайман», деган мақсадни шакллантиришимиз лозим. Алоҳида таъкидлашни истардимки, ёш авлод тарбиясидек муҳим масала учун нафақат ички ишлар органлари ходимлари, балки барча, ҳатто оддий уй бекаси ҳам масъул.
Дилмурод Ҳасановдан устозлари ҳақида сўраганимизда, у кўп йиллар тизимда хизмат қилган истеъфодаги кичик сержант Алишер Анваровнинг номини ўзгача ҳурмат-эҳтиром билан тилга олиб:
– Устозим: «Бировнинг бошига мусибат тушганда, одамгарчилик, инсонийлик биринчи галда шиоринг бўлсин», – деб кўп тайинлардилар, – деди.
Мустақиллигимиз тенгдоши бўлган сафдор Дилмурод Ҳасанов ҳозирда 3 нафар фарзанднинг севимли отаси.
У фарзандлари келажакда эл корига ярайдиган, Ватани манфаати учун ёниб яшайдиган жонкуяр, фидойи инсонлар бўлиб яшашини истайди. Бу йўлда эса, аввало, ўзи уларга ибрат бўлишга интиляпти.
Тилагимиз шуки, ички ишлар органлари тизимида Дилмурод сингари ҳақиқий ватанпарвар, бурчини садоқат билан бажара оладиган, ҳалол, виждонли ходимлар кўпаяверсин.
Адолат ФАЙЗИЕВА,
ўз мухбиримиз.
