1946-йил Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида туғилган Шавкат Мамадалиев ҳарбий хизматдан кейин ўрта мактабда ўқитувчилик қилган.Тошкент давлат университети юридик факулътетининг сиртқи бўлимида таҳсил олиш билан бирга, Чирчиқ шаҳрида турли лавозимларда ишлади.1974-йил йўлланма билан Сирдарё вилояти ИИБ тасарруфига юборилган Ш. Мамадалиев Сирдарё тумани ИИБ бошлиғининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари вазифасида хизматни бошлади. Ёш ходимга генерал-маёр Отамурод Муҳаммадиев, полковник Серикбой Жуматаев каби устозлар йўл-йўриқ кўрсатишди. 1974–1976-йилларда туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, 1977–1979-йилларда Меҳнатобод тумани ИИБ бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган Ш. Мамадалиев ушбу туманларда жиноятчиликка қарши курашиш борасида сезиларли натижаларга эришди.Саксонинчи йилларнинг бошида қарийб икки йил давомида Москвада таълим олиб қайтган Шавкат Мамадалиэвни Сирдарё вилояти ИИБ штаб бошлиғининг ўринбосари этиб тайинлашади. Штабнинг иши барча жараёнларни мувофиқлаштириш, ҳужжатларни тўғри юритиш каби вазифаларни ўз ичига оларди. Аллақачон муайян тажрибага эга маёр Ш. Мамадалиев учун бу ишлар асло қийинчилик туғдирмади. 1989-йилда эса Боёвут тумани ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди. 1994–1997-йиллар давомида Сирдарё вилояти ИИБ М ва ФРБ бошлиғи вазифасида сидқидилдан хизмат қилиб, тизимдаги 33 йиллик фаолиятидан сўнг ҳурмат ва эҳтиром билан пенсияга чиқди. Полковник Шавкат Мамадалиевнинг ўнлаб шогирдлари бор. Улар орасида полковник Тоҳир Мусаев, Сирдарё тумани ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили лавозимида ишлаган капитан Эркин Абдураҳмонов, Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг собиқ ўринбосари, полковник Бахтиёр Жуматаевларнинг номини алоҳида тилга олади. Шавкат ота тўрт нафар фарзандни тарбиялаб, уйли-жойли қилди. Ўғли Отабек Шавкатов ота изидан кетди. Узоқ йиллар ички ишлар тизимида фаолият кўрсатиб, маёр унвонида пенсияга чиқди. 78 ёшни қаршилаган Шавкат ота ўз умрини осойишталик, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашга сарфлаганидан фахрланади.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
ўз мухбиримиз.
Сирдарё вилояти.
