Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасида фахрийлар ва ёшлар иштирокида икки авлод учрашуви ташкил этилди.

Маълумки, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг 3-босқич тингловчилари айни кунда ўзлари яшайдиган ҳудудларда амалиёт жараёнига киришмоқда. Мазкур учрашувда ички ишлар идораларида ишлаб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар амалиёт олдидан тингловчилар билан юзма-юз мулоқот қилдилар.

Фахрийлар ўз тажрибаларидан кели чиқиб, Ватанга ва касбга садоқат, ҳалоллик, тўғрисўзлик, устозларга ҳурмат, ижро интизоми, фуқаролар билан муомала қилиш маданияти каби турли йўналишларда ёшларга ўз маслаҳатларини берди.

Тадбир давомида 10 нафар фахрийга Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгашининг “Ички ишлар вазирлиги фахрийси” кўкрак нишони ва Фахрий ёрлиқлар топширилди.

– Кўп йиллар ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматларида ишлаб, нафақага чиққанман, – дейди истеъфодаги подполковник Анваржон Қаюмов. – Нафақага чиққан бўлсамда, вилоят ички ишлар бошқармасида ташкил этиладиган тадбирларга доимо қатнашиб тураман. Бугунги ёшлар билан ўтказилган учрашув ҳам жуда сермазмун бўлди. Кўзидан ўт чақнаб турган тингловчиларга ўз маслаҳатларимизни бердик. Бугун менга ҳам Фахрийлар кенгашининг кўкрак нишони тақдим этилди. Ҳам ёшлар билан учрашув, ҳам кўрсатилган эътибордан бошим осмонга етди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.