Шароф Рашидов тумани ИИБ 2-сонли ИИБ ҲПГ профилактика инспектори, маёр Вали Азизов 14 йиллик хизмат тажрибасига эга. Бу йилларда у кўплаб ходимларга мураббийлик қилди. Айни вақтда «Жиззахлик» маҳалласининг профилактика инспектори, лейтенант Достон Эшқуловга ҳам касб сир-асрорларини ўргатяпти.

Достон яхши эслайди, маёрнинг илк сабоғи хизматда ҳамиша хушмуомала бўлиш кераклиги тўғрисида бўлган. Шу билан бирга, суҳбатдош психологиясига мос ёндашиш, хизматга оид маълумотларни сир тутиш, ариза ва мурожаатлар билан ишлашга доир тавсияларини билдирган. 

Табиийки, маёр Вали Азизовнинг ўзи ҳам бир кунда мураббий даражасига етмаган. Чунончи, 2010 йилда Жиззах давлат педагогика институтини тамомлаб, Мирзачўл тумани ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш хизмати таркибида соҳадаги фаолиятини бошлади. Орадан 4 йил ўтгач, Фориш туманининг 93,5 минг гектар майдонни эгаллаган «Қизилқум» маҳалласи профилактика инспектори лавозимига тайинланган лавҳамиз қаҳрамони ўшандан буён ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида. 

Таъкидлаш жоиз, у айнан «Қизилқум»да жиноятчиликни жиловлашнинг ҳадисини олди. Бино­барин, чўлда йўл топиш, бир-­биридан олисда жойлашган аҳоли манзилларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тирикчилигининг асоси чорвачилик бўлган аҳолини қонунбузарлардан ҳимоялаш сирларини ўзлаштирди. Жумладан, бир сафар 148 бош майда шохли молнинг ўғирланиши билан боғлиқ жиноятни фош қилса, бошқа сафар 3 та ўғирлик қўй ортилган «Лаcетти»ни хизмат автомашинасида қувиб, тўхтатишига тўғри келди.

Айни вақтда маёр Вали Азизов Шароф Рашидов туманининг 6 минг 341 киши истиқомат қиладиган «Совунгарлик» маҳалласида осойишталикка масъул. Бу жараёнда асосий эътибори ички ишлар органлари ҳисобида турадиган 14 нафар, маъмурий назорат остидаги 1 нафар, муқаддам судланган 19 нафар, жазони очиқда ўтаётган 11 нафар, ичкиликка ружу қўйган 4 нафар шахс ҳамда 3 та низоли оиланинг аъзоларига қаратилган. 

Жорий йилнинг ўтган даврида у 20 кишини ишга жойлаштирди. Шу каби профилактик тадбирлар маҳалланинг «яшил» мақомини маҳкам тутишига омил бўлаётир. 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.