“Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва ОИВ инфексиясига қарши курашиш ойлиги” доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Жиззах вилоятида ҳам профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ташаббуси билан Жиззах давлат педагогика институти, Жиззах политехника институти, Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиали ҳамда бир қатор касб-ҳунар ва ўрта умумтаълим мактабларида учрашувлар уюштирилди.
Мазкур тадбирларда тегишли мутахассислар томонидан гиёҳванд моддаларнинг зарари, ОИВ инфексиясини юқтириш оқибатлари ҳақида атрофлича маълумот берилаётир. Шунингдек, гиёҳвандлик экинлар етиштириш, наркотик моддаларни тайёрлаш, сақлаш, ўтказиш, истеъмол қилиш қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилганида белгиланадиган жазо чоралари ҳамда ОИВ инфексияси тарқалиши омилларига тўхталиб ўтилмоқда. Бу жараёнда мавзуга оид видеоматериаллар намойиш қилинаяпти.
Бундан ташқари, ўқув муассасаларида ёшлар иштирокида футбол, мини футбол, волейбол, баскетбол, камондан ўқ узиш сингари 10 дан ортиқ спорт тури бўйича мусобақалар ташкил этилмоқда. Ғолиблар вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ва бошқа масъул ташкилотлар томонидан рағбатлантирилаётир. Худди шундай, вилоят санъаткорлари иштирокида тарғибот тадбирлари ўтказилаяпти.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
