Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни муносабати билан ИИВ академиясида “Илм ва аёл: барқарор жамият сари” мавзуида тадбир ўтказилди.
Тадбирда сўз олган Олий Мажлис Сенати аъзоси Малика Қодирхонова мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида хотин-қизлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, давлат ва жамият ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни, улар учун яратилаётган кенг имкониятлар, илм-маърифатли, фаол ва ташаббускор аёллар эришаётган ютуқларни алоҳида таъкидлади.
Хусусан, бугунга келиб хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоиз, тадбиркорлик соҳасида 45 фоиз, сиёсий партиялар сафида эса 49 фоизга етгани қайд этилди. Шундан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Кейинги йилларда вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда фаолият юритаётган аёллар улуши салкам 3 баробарга ошган. Бундан ташқари, сўнгги 7 йил ичида 5,2 минг нафар аёл фан доктори (Дсc) ва ўз соҳалари бўйича фалсафа доктори (Пҳд) илмий даражасини олган.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, илмий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар эътироф қилинди.
Тадбирда суд-ҳуқуқ тизими, қонун ижодкорлиги, таълим ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилаётган хотин-қизлар сўз олиб, ўз фикр-мулоҳазалари, мамлакатимизни янада тараққий эттириш йўлида олиб бораётган фаолиятлари, истиқболдаги режалари билан ўртоқлашдилар.
