Иқтидор инсонга берилган ноёб неъматки, унинг юзага чиқиши учун ҳам имконият зарур. Ёшларимиз бахтига мамлакатимизда қобилиятли ўғил-қизларимизнинг нафақат замонавий билим олиши, балки ўз иқтидорларини намойиш этиши учун ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Иивнинг Ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ҳам билимли ва иқтидорли ёшлар талайгина. Хусусан, Анвар Иззатов ва Шоҳжаҳон Фарҳодов ана шундай аълочи ва иқтидорли ўқувчилар сафида. Иккиси ҳам умумтаълим фанларини аъло баҳоларга ўзлаштириш баробарида, спортнинг бир нечта турлари билан мунтазам шуғулланишади. Улар маънавий-маърифий тадбирларда ҳам фаол. 

– Таълим муассасамиздаги иқтидорли ёшларга тўғри йўналиш бериб, қобилиятларини юзага чиқаришда кўмаклашиш фаолиятимизнинг асосини ташкил этади, – дейди инглиз тили ўқитувчиси Аброрхўжа Мўминхўжаев. – Бизнинг зиммамизга миллатимизнинг эртанги кунига масъул бўладиган ёшларга таълим беришдек улкан ва шарафли вазифа юклатилган. Бу борада бор куч ва имкониятимизни ишга солиб, таълим берамиз. Яқинда Анвар Иззатов ва Шоҳжаҳон Фарҳодовнинг Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги «Б1» даражали сертификатни қўлга киритишгани қувонарли ҳолдир.  

– Математика шундай фанки, у қизиққан одамни ўзига оҳанрабодек тортиб олади, – дейди ўқитувчи Моҳигул Ашурова. – Шоҳжаҳон ва Анварнинг ҳам математика фанига қизиқиши баланд. Берган топшириқларимни ортиғи билан бажаради. Мураккаб мисол учраса, дарҳол ёрдам сўрайди. Улар сингари билимга чанқоқ ёшларнинг борлиги ўқувчилар ўртасида соғлом рақобатни пайдо қилади, албатта. Бу эса муаллим сифатида бизни қувонтиради. 

Сарвар СОБИРОВ,

ўз мухбиримиз.