Катта сержант Бекзод Бозоров ўз касбига содиқ ходимлардан.

Ёзнинг иссиқ кунларида кўпчилик рухсат этилмаган ҳавзаларга оилавий ва фарзандлари билан боришиб, ҳаётлари учун хавфли ҳолатларни содир этишади. 

Яқинда лавҳамиз қаҳрамони Бухоро шаҳрида яшовчи бир қизнинг канал бўйида паришон ҳолда ўтирганлигини кўриб, у билан олиб борилган суҳбат давомида ҳаётий қийинчилик ва оилавий муам­молар сабабли сув бўйига келганлигини аниқлайди. Айтиш мумкинки, ходим­нинг сергак­лиги сабаб содир бўлиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳодисанинг олди олинди, бир инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Шунингдек, у шаҳарнинг «Шейхон» маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган пайтда бедарак йўқолган қария тўғрисидаги хабарга кўра, Хоразм йўналишида қатнайдиган автотураргоҳ ҳудудида дарахт соясида чўзилиб ётган ҳолида топади ва тегишли идорага топширади.

Жорий йил давомида ҳам катта сержант Б. Бозоров иккита жиноятни «иссиқ изида» очиб, уч нафар бедарак йўқолган шахсни ҳуқуқ-тартибот органларига топширди. 

Бекзод нафақат ўз касби орқали, балки намунали оиласи билан ҳам кўпчиликка ўрнак. Турмуш ўртоғи Ситора Ёдгорова билан биргаликда икки фарзандни тарбиялаб, вояга етказишмоқда.

Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.