Мамлакатимиз қонунчилигида ҳокимият вакилининг ўз хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилиш, унга жисмоний ва бошқача шаклда тажовуз қилишга тегишли тартибда жазо бедгиланган. Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида хизмат вазифасини бажараётган профилактика инспекторига жисмоний куч ишлатган ака-укага нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Туманнинг Амир Темур маҳалласида хизмат вазифасини ўтаётган Боёвут тумани ИИБ 1-сон ИИБ ҲПГ профилактика инспектори Жуманазар Умматқулов тунги соат бирларда шовқин овозини эшитиб, воқеа жойига етиб боради. Шу маҳаллада яшовчи, спиртли ичимлик таъсирида ўзаро жанжаллашаётган Жонибек ва Одил Қобиловларни ажратиш мақсадида уларни тартибга чақиради. Ичкилик таъсирида “шер” бўлиб кетган йигитлар ўзаро нифоқни унутиб, профилактика инспекторига ташланишади. Натижада, хизмат вазифасини бажараётган профилактика инспектори тан жароҳати олади.
Ҳолат юзасидан Боёвут туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
“Постда” мухбири.
Сирдарё вилояти
