Самарқанд туманидаги 9-умумтаълим мактабда «Ёшлар муаммоси – жамият муаммоси» деган тамойил асосида туман ҳокими Сирожиддин Усманов, Ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Шерзод Тоғаев ва бошқа масъул идоралар раҳбарлари иштирокида ёшлар билан ўтказилган учрашув туманнинг «Саховат» маҳалласида яшовчи Анвар Ашуровга ўхшаган йигитларга айни муддао бўлди. Чунки ишсизлик туфайли Анварнинг рўзғорида ҳам муаммолар анча йиғилиб қолган эди. Шу боис, мазкур учрашув унинг ҳаётида янги имконият эшигини очди. Унга тумандаги ишлаб чиқариш корхонасига ишга кириш учун йўлланма берилди.
Учрашувда ҳар бир мурожаат диққат билан тингланди. Бу эса бир эмас, бир неча ёшлар тақдири ўзгаришига сабаб бўлди. Кимдир ишли бўлди, бошқа биров касб-ҳунар ўрганиш бўйича устозга шогирдликка бириктирилди. Ва яна кимдир ҳуқуқий билимининг етишмаслиги сабабли қийналиб юрган муаммосининг қонуний ечими бўйича маслаҳат олди. Масалан, «Арабхона» маҳалласида яшовчи Далер Ҳамроев ер ажратиб берилса, боғдорчилик қилиш истаги борлигини билдирганди. Давлат кадастрлари палатасининг Самарианд тумани филиали томонидан унинг мурожаати ўрганилиб, амалий ёрдам бериладиган бўлди.
Умида МАМАДАЛИЕВА,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
