Қандай ҳолларда ис газидан заҳарланиш мумкин?
Шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддалар ишлаб чиқарадиган корхоналар, автотураргоҳлар, янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналар, ёқилғи ёрдамида иситиладиган печли уйлар ва ҳаммомларда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ ёниб турганда ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ис газидан заҳарланиш мумкин. Ис газининг энг кам миқдори ҳам заҳарланиш учун етарли бўлади. Инсон ўзида ҳолсизланиш аломатларини ҳис қилмагунича унинг таъсирини сезмайди.
Заҳарланишнинг асосий сабаби
Газ, кўмир, ўтин ва шу каби ёқилғилардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик, ностандарт, яъни қўлбола ясалган ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва ускуналаридан фойдаланиш, дудбуронларни нотўғри ўрнатиш, газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари ҳамда газ баллонларини ётоқхоналарга олиб кириш, ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов ёки кўмир ва ўтиндан фойдаланиш ис газидан заҳарланишга сабаб бўлади. Шунингдек, ҳаво алмаштирувчи шамоллатиш туйнукларини беркитиб қўйиш, шамоллатиш тизимининг носозлиги, ёпиқ биноларда автотранспорт воситаларининг двигателини ишлатиш, газ плитасидан бинони иситиш ва кийимларни қуритиш учун фойдаланиш, уни ёқилган ҳолатда назорациз қолдириш, газ баллонларини иссиқлик манбайига яқин жойда қолдириш, қувурлардан табиий газ сизиб чиқиши, печлар қопқоғини ёпмаслик каби ҳолатларда заҳарланиш мумкин.
Ёниш жараёнида етарли даражада кислород бўлмаса, заҳарланиш исталган муҳитда, ҳатто газ плитаси духовкаси ишлаб турганда ҳам содир бўлиши эҳтимоли бор.
Табиий газдан фойдаланишда нималар тақиқланади?
Ўзбошимчалик билан уйни газлаштириш, газ плитаси ўрнини алмаштириш ва уни таъмирлаш, бинонинг дудбурон ва шамоллатиш тизимларини ёпиб қуйиш, хавфсизлик ва созлаш автоматикасини узиб қўйиш, мактабгача ёшдаги болалар, шунингдек, ўз ҳаракатларини назорат қила олмайдиган шахсларнинг газ асбобларидан фойдаланиши, газ асбобларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, улар ўрнатилган хонада ухлаш ва дам олиш таъқиқланади.
Бинода газ ҳидини сезганда нима қилиш керак?
Бундай ҳолатларда зудлик билан 104 телефон рақами орқали газ-авария диспетчерлик хизматига ва 1050 рақами орқали Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув хизматига хабар бериш, барча газ кранларини ёпиш, очиқ оловдан фойдаланмаслик, дарҳол эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатиш, электр жиҳозларини ёқмаслик талаб этилди.
Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш учун қандай тадбирларни амалга ошириш зарур?
Бунинг учун фуқароларга қуйидаги тавсиялар берилади:
– доимий равишда бинодаги иситиш печлари ва мўриларнинг созлигига, турли буюм ва тўсиқлар билан ёпилиб қолмаганлиги ҳамда махсус ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозаланишига алоҳида эътибор беринг ва доимий назорат қилинг;
– хонани иситиш учун қўлбола ва носоз иситиш мосламаларидан фойдаланманг;
– тунги вақтда бинонинг иситиш тизимини назорациз қолдирманг;
– ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи газ плиталаридан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланманг;
– газ ускуналарини улаш тартиб-қоидаларига риоя қилинг, уларга резина шланглар орқали уланишга йўл қўйманг.
Унутманг, ўзингиз ва яқинларингизнинг хавфсизлиги ҳамда саломатлигини асраш доимо ўз қўлингизда!
Санжар ЭРГАСНЕВ,
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси
институти ўқитувчиси, доцент.
