Мамлакатимизда беқиёс ўзгаришлар рўй бермоқда. Қатор соҳаларда эришилаётган юксак марралар озод ва обод юртимизнинг нуфузини оширмоқда. Тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш, тараққиёт бўлади, мамлакат гуллаб-яшнайди, фуқароларнинг турмуши фаровонлашади. Тинчлик-осойишталикка ўз-ўзидан эришиб бўлмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз, албатта.

Бу борада Президентимиз томонидан қатор қонун ҳужжатлари, қарорлар ҳамда фармонлар имзоланиб, ижроси ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг топшириғи асосида, Бухоро вилоятида жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш ишлари аҳволини ўрганиш ҳамда ички ишлар органларининг қуйи тизимларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ аъзолари кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда, алоҳида йўналишлар бўйича вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли, хавфсиз ҳудудга айлантириш, шунингдек, криминоген вазияти оғир ҳисобланган маҳаллаларда амалга оширилган ишлар аҳволини кўздан кечирмоқда. Шу билан бирга, ходимлар томонидан хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ва бу борада туман-шаҳарларда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар натижалари ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш аҳволи ўрганилиб, ҳудудлардаги сектор раҳбарларининг криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш бўйича ташаббусларининг самарадорлиги таҳлил қилинмоқда.

Хусусан, Президент маслаҳатчиси ва ички ишлар вазири, вилоятнинг Ғиждувон, Вобкент, Жондор, Қоракўл, Олот, Когон туманлари ҳамда Когон шаҳрининг маҳаллаларида бўлиб, фаоллар ва аҳоли билан учрашди. Учрашувлар жараёнида фуқаролар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларга яратилган қулайликлар ва ечимини кутаётган муаммолар таҳлил қилинди. Жумладан, Ғиждувон туманида, 388 ва 398-сонли “Ҳуқуқ тартибот маскани” ҳамда Амиробод махалласи ҳудудида жойлашган “Электрон кузатув маскани” фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Туманнинг Пахтаобод махалласи Кўкрабод қишлоғида янгидан барпо этилган, 3-сектор ҳудудидаги 388-сонли “Ҳуқуқ тартибот маскани” да яратилган шароитлар алоҳида эътироф этилди. Ушбу маскан туманнинг Пахтаобод, Айритом, Амиробод, Барака ва Тошлоқ маҳалларида истиқомат қилувчи 18.555 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Масканга юқорида кўрсатилган маҳалларнинг гавжум жойларида ўрнатилган 25 та кузатув камераси интеграция қилинган бўлиб, ҳозирда масканда тергов бўлими суруштирувчиси, тезкор ходим, ППХ ходимлари ҳамда профилактика инспекторлари хизмат олиб бормоқда.

Меҳмонлар, шунингдек, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида ва қайта реконструксия қилиниб, фойдаланишга топширилган Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди биносида ҳамда 32-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болаларга яратилган шароитларни кўздан кечирди.

ИИВ Бухоро академик лисейи қошида ташкил этилган ИИВ малака ошириш институти филиали ҳамда “Жасорат тарихи” музейи ҳам эътибордан четда қолмади.

Ишчи гуруҳ вилоятда ўрганиш ҳамда кенг қамровли тезкор профилактик ишларни давом эттирмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати