Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида Республика ишчи гуруҳи томонидан маҳаллаларда хавфсиз ҳудудни яратиш бўйича профилактика инспекторларининг амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Д.Қодиров, Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр Б.Абдуллаев, Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизмат раҳбарлари, ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Р.Хатамов ва билим юрти профессор ўқитувчилари ҳамда вилоят ҳокими Б.Зарипов, вилоят сектор раҳбарлари, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи, вилоят суди раиси, шунингдек, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар-туман ИИБ (ИИО ФМБ) бошлиқлари ва барча профилактика (катта) инспекторлари қатнашди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари раислигида 2023-йил 26-сентабр куни маҳаллалардаги “еттилик тизими” фаолиятини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда амалдаги маҳалла “бешлиги” томонидан маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни амалга оширишда йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди. Сўнг йўл қўйилган камчиликлардан тегишли хулоса чиқарган ҳолда аниқ ва манзилли ишларни ташкил этиш кераклиги борасида барча масъул раҳбар ҳамда ходимларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.