Ишга киришда янги тартиб:
номзодларга ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР ҚАНДАЙ?
Ички ишлар органларига ишга кириш талабларига кўпчиликда қизиқиш юқори. Бу борада замон билан ҳамоҳанг тарзда янги тартиб ҳам жорий этилди. Айни шу мавзуда ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошқарма бошлиғи, подполковник Фарид Абдиевга бир нечта савол билан юзландик.
– Ички ишлар органларида хизматга номзодларни танлаб олиш тартиби хусусида тўхталиб ўцангиз.
– Ички ишлар вазирининг «Ички ишлар органларида хизматга номзодларни танлаб олиш тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига кўра, ички ишлар органларига ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, шу жумладан, ўттиз ёшдаги ҳам, Ўзбекистон фуқаролари йўриқномада белгиланган танлов асосида қабул қилинади. Танлов ҳамма ҳудудда ҳар хил вақтда, бўш лавозимларга кўра, очиқ тарзда эълон қилинади. Номзодлар икки босқичда, яъни, саралаш ва ўрганиш босқичларида танлаб олинади.
Саралаш босқичида қуйидагиларга эътибор қаратилади:
рўйхатдан ўтиш;
дастлабки ўрганиш;
интеллектуал ривожланганлик даражаси ва психоэмоционал барқарорлигини баҳолаш;
тест синови;
жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш.
Ўрганиш босқичида номзодлар хизматга яроқлилик даражасини аниқлаш мақсадида ҳарбий-тиббий комиссия кўригидан ўтказилади. Шунингдек, ички ишлар органларида хизмат қилиш учун тўсқинлик қиладиган салбий омилларни аниқлаш мақсадида психофизиологик (полиграф) текшируви амалга оширилади.
– Тест синовларини ўтказиш ва баҳолаш қандай бўлади?
– Тест синовлари белгиланган тартиб асосида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилади. Тест топшириқлари ҳар бир фандан 30 та топшириқни ўз ичига олади ва ҳар бир тўғри жавоб учун қуйидагича балл берилади:
ҳуқуқшунослик фани бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун – 3,1 балл ва жами – 93 балл;
Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун – 2,1 балл ва жами – 63 балл;
тарбия фани бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун – 1,1 балл ва жами – 33 балл.
Тест синовлари натижаларига кўра тўпланиши мумкин бўлган умумий 189 балдан камида 134 балл тўплаган номзодлар жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш босқичига ўтган деб ҳисобланади.
– Жисмоний тайёргарлик машқлари ва уларни бажаришга қўйиладиган талаблар борасида ҳам маълумот берсангиз.
– Бунда жисмоний тайёргарлик синовлари эркак ҳамда аёл номзодлар учун алоҳида белгиланади.
Эркак номзодлар:
куч ишлатиш машқи – тўсинда (турникда) тортилиш;
тезликка оид машқ – 100 метрга югуриш;
чидамлиликка оид машқ – 3000 метрга югуриш.
Аёл номзодлар:
куч ишлатиш машқи – куч ишлатиш машқлари комплекси;
тезликка оид машқ – 100 метрга югуриш;
чидамлиликка оид машқ – 1000 метрга югуриш.
Танловнинг барча босқичларида фақат «яхши» ва «аъло» баҳо олган номзодлар хизматга қабул қилинади.
– Электрон тартибда ҳужжат топшириш қандай амалга оширилади?
– Бу янги тизим. Ҳозир мутахассисларимиз ишлашяпти. Қисқа қилиб тушунтирадиган бўлсам, танлов ички ишлар органларининг расмий веб-сайтида эълон қилингач, ўша жойда ҳавола қолдирилади ва электрон тарзда тегишли ҳужжатлар топширилиб, рўйхатдан ўтилади. Танлов тўғрисида эълон берилгандан сўнг, хизматга кириш истагини билдирган номзодлар доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойдаги ички ишлар органининг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади. Бунда номзодлар веб-сайтга ўзининг паспорт ёки ИД-картаси маълумотларини киритади.
Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати ва олий таълим муассасаларига, шунингдек, Тошкент шаҳар Ииббга хизматга кириш истаги бўлган номзодлар, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъи назар, тегишлилигига кўра, Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати, олий таълим муассасалари ёки Тошкент шаҳар Иббнинг расмий веб-сайтлари орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Шундан сўнг навбатдаги танлов тадбирлари бошланишидан беш иш куни олдин саралаш тадбирларининг бошланиш вақти ва жойи ҳақида ёзма ёки электрон шаклда хабар берилади.
– Номзодлар ишга қабул қилинганда, уларга махсус унвонлар берилиши қандай бўлади?
– Хизматга қабул қилинганлар уч ой давомида бошланғич касбий тайёргарлик борасида кўникмалар ҳосил қилишлари учун малака оширишга юборилади. Ўқув жараёнларини тугатиб қайтгач, маълумоти, ўқиган йўналишларидан келиб чиқиб, сафдорлик ёки офицерлик лавозимларига тайинланади. Сафдорларнинг унвонларида ўзгариш бўлмайди. Олий маълумотлиларга келсак, улар хизматга қабул қилиниб, бошланғич касбий тайёргарликдан ўтгач, дастлаб катта сержант унвонини олади. Белгиланган бир йиллик синов муддати (3 ойлик бошланғич касбий тайёргарлик ўқув жараёнлари вақти ҳам ҳисобга олинади) якунлангач, хизмат фаолияти баҳоланиб, лейтенант унвони берилади.
Дарвоқе, уларга мураббий ҳам бириктирилади. Айримлар, ҳарбий кафедраларда ўқиганлиги ҳисобига ўз-ўзидан захирадаги лейтенант унвони уларда мавжуд бўлиши табиий. Улар бошланғич тайёргарликни тугатиши биланоқ, лейтенант унвонига эга бўлишади. Тор доирадаги мутахассисликларда ҳам худди шундай. Яна бир муҳим жиҳат – олий маълумот эгалари албатта офицерлик лавозимларига тайинланади.
– Тошкентда истиқомат қиладиган номзод Сурхондарёдаги очиқ танловга ариза ёзганлиги учун синовларни Тошкентнинг ўзида туриб ҳам топшириши мумкинми?
– Номзод қайси ҳудудга ишга топширган бўлишидан қатъи назар, синовларда айнан ўша жойда қатнашади. Масалан, Сурхондарёдаги бўш лавозимларга эълон қилинган танловга номзодини қўйган фуқаро Тошкентдан туриб масофавий синовлардан ўта олмайди.
– Ички ишлар органларига ишга киришда Ўзбекистондаги хусусий Отмларни тамомлаган номзодларнинг дипломи тан олинадими?
– Хусусийми ёки давлат олийгоҳларими, дипломлари фақат мамлакатимиз ҳудудида тан олинса кифоя. Яъни Ўзбекистондаги ОТМ бўлса, расмий равишда давлат рўйхатидан ўтганлиги инобатга олинади. Хорижда ўқиганларнинг дипломлари эса мамлакатимизда тасдиқланганлиги борасида хулоса талаб қилинади.
– Тизимда фаолият юритишни ният қилган талабгорларга бўй параметлари қатъий белгиланганлиги ростми?
– Албатта, эркаклар 165 см ва аёллар 160 см дан кам бўлмаслиги керак. Ярим сантиметр етмаса ҳам, хизматга қабул қилинмайди. Бу барча учун бирдек амал қилади. Ҳатто тор мутахассислик йўналишлари учун ҳам. Лекин бизда бўйининг баландлиги 175 ва 170 см дан паст бўлмаган номзодлар қабул қилинадиган лавозимлар ҳам мавжуд.
– Тор мутахассисларга қайси тоифадаги йўналишларни тугатган номзодлар киради ва уларга қандай устунликлар берилади?
– Ички ишлар органларининг тор ихтисослик бўйича мутахассисликлар талаб этиладиган айрим лавозимларига тегишли тор ихтисослик бўйича мутахассисликка эга бўлган номзодлар танловнинг саралаш босқичисиз, фақат ўрганиш босқичи орқали хизматга қабул қилинади. Булар – журналистика (фаолият турлари бўйича) таълим йўналиши, компютер технологиялари ва информатика таълим соҳаси, режиссёрлик таълим йўналиши, халқаро ҳуқуқ мутахассислиги, иқтисодий таълим соҳаси, молия мутахассислиги, диншунослик, психология, ветеринария таълим соҳаси ва бошқалар…
– Сиртқи таълим йўналишларида таҳсил олаётган номзодлар ҳам ички ишлар органларига ҳужжатларини топширишлари мумкинми?
– Ҳужжатларни топширишларида ҳам, ишга қабул қилинишларида ҳам ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Ҳатто 1-босқич талабаси бўлса-да...
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.
Эслатма:
Ишга кириш билан боғлиқ бошқа кўплаб саволларингизга Адлия вазирлигида 3481 рақами билан 2023-йил 6-декабрда давлат рўйхатидан ўтган Ички ишлар вазирининг буйруғи орқали танишишингиз мумкин. Буйруқ (ҳттпс://лех.уз/пдфс/6688256) Лех.уз сайтига жойланган.
Аброр ПОЁНОВ
суҳбатлашди.
