Таъкидланишича, агар муздек сув ошқозонга тушса, у ҳолда ферментлар ва меъда ширасининг ишлаб чиқари­лиши вақтинча тўсиб қўйилади. Натижада оқсиллар сўрилмайди. Бу эса жуда хавфли. 

Бундан ташқари, совуқ сув ичганда ёғлар ҳазм бўлмайди, ичакнинг ҳаракатланиш фаоллиги пасаяди, бу эса ич қотишига олиб келади. Шунингдек, жуда иссиқ сув ичиш (65 даражадан юқори) ҳам нотўғри — қизилўнгач саратони хавфи ортади. 

Шарбатлардан эса бутунлай воз кечиш тавсия этилади. Уларни мунтазам истеъмол қилиш подагра ёки буйракда тош йиғилишига, энг ёмон ҳолатда эса саратонга олиб келиши мумкин. 

Мутахассисларнинг фикрига кўра, кунига икки марта кўк чой (у гидратацияни тиклайдиган ажойиб антиоксидант) ва лимонли сув ичиш фойдали.

Ёзнинг иссиқ кунларида салқин ичимликларга бўлган талаб ортиб, аҳоли гавжум жойларда, бозорларда турли шарбатлар, морс, айрон каби чанқоқбосди ичимликлар савдоси авж олади.

Биз одатда йўлларнинг чеккасида кўрадиган оддий, қўлбола бочкаларда сотиладиган ичимликларда кимёвий ва бактериологик моддалар бор-йўқ­лиги текширилмаган. Демак, квас, морс ёки шарбат бўлишидан қатъи назар бундай ичимликларни ичиш хавфсиз эмас.

Ўткир ичак инфексияси, салмонеллёз, гастроэнтрет, гастрит каби юқумли касалликлар келтириб чиқарувчи маҳсулотлар қаторига ҳафталаб иссиқда қолиб, кейин ўз эгасини топаётган қовун-тарвуз ва мева-чевалар ҳам киради.

Дарҳақиқат, ҳар қандай маҳсулотни истеъмол қилиш ёки уни тайёрлашда меъёрга амал қилинмаса, бу шубҳасиз, заҳарга айланиши мумкин. Шунинг учун кўча-кўйда сотилаётган салқин ичимликларни истеъмол қилаётганда эҳтиёт бўлинг.

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.