Воқеа жойига етиб келган тергов-тезкор гуруҳи таркибидаги эксперт-криминалист, капитан Бекжон Улуғбеков дарҳол ишга киришиб, керакли ашёвий далиллар ва қўл-бармоқ изларини олди. Унинг саъй-ҳаракатлари натижасида воқеа жойидан олинган излар қўшни маҳаллада яшовчи, муқаддам судланган Б.К. ва Э.Й.га тегишли экани аниқланди. Аввалига жиноий қилмишига иқрор бўлишни хоҳламаётган бу кимсаларнинг келтирилган далиллар олдида айбини тан олишдан бошқа чораси қолмади. Шу тариқа, жиноят «иссиқ изида» фош этилди.
Олий таълим муассасасини муваффақиятли тамомлаб келган Б.Улуғбеков илк хизмат фаолиятини Оққўрғон тумани ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи эксперти лавозимида бошлади. Унга тажрибали ходим, подполковник Одил Холтўраев мураббий этиб бириктирилди. Бу ёш ходимнинг касб сирларини пухта ўзлаштиришида муҳим аҳамият касб этди. Қатъиятли устози унга воқеа жойини синчковлик билан кўздан кечириш ҳамда жиноятга оид барча жиҳатларга эътиборли бўлиш сирларини ўргатди. Бу унинг фаолияти давомида ҳар томонлама қўл келди.
Кўп йиллик хизмати мобайнида ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза марказида ўз малакасини оширган қаҳрамонимиз соҳанинг чинакам устасига айланди.
–Ҳаётим давомида ўрганганларим эришган ютуқларим пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди капитан Бекжон Улуғбеков. – Шу боисдан илмни доимо қадрлайман, барча соҳаларнинг тараққиёт омили деб биламан.
Б.Улуғбеков жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 82 маротаба воқеа жойини кўздан кечириб, ашёвий далиллар олди, 76 маротаба қидирув ва тергов ҳаракатларида иштирок этди. Шу билан бирга, жабрланувчи, муқаддам судланган, гумон қилинувчи, профилактик ҳисобда турган ва жиноятга мойил бўлган кимсалардан олинган 3600 та қўл-бармоқ изи дактокарталарини вилоят ИИББ Экмга АДТТ базасига киритиш учун юборди. Шунингдек, трасология, баллистика, дактилоскопия, совуқ қурол, ҳужжатларнинг техник-криминалистик ва хацҳунослик экспертизаси йўналишларида 20 та экспертиза хулосаси тайёрлади.
– Б. Улуғбеков ўз касбининг жонкуяри, тартиб-интизомли ва ташаббускор ходим, – дейди туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, капитан Шерзод Абдураҳмонов. – Барча сафдошлари унга ҳавас қилиб, бой тажрибасидан фойдаланиб келади.
Лавҳамиз қаҳрамони хизматдан бўш пайтларида салоҳиятини янада ошириш мақсадида соҳага оид китобларни мутолаа қилади. Фарзандларига ҳам ҳаётда ўз ўрнини мустаҳкам эгаллаб, жамиятга фойдаси тегадиган комил инсонлар бўлиб етишиши учун кўп китоб ўқиши лозимлигини уқтиради. Хонадонида мўжазгина кутубхона ташкил этгани ҳам унинг илм-фан ва адабиётга ихлосманд инсон эканлигининг ёрқин далилидир.
Хулоса қилиб айтганда, капитан Бекжон Улуғбеков эл-юрт корига яраш ҳар бир эр йигитнинг муқаддас бурчи деб билади.
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
Тошкент вилояти.
