Кун қаҳрамони
Катта сержант Жаҳонгир Жумаев 1992 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини битиргач, 2016 йилдан ички ишлар органларида хизмат қила бошлади. Айни пайтда вилоят ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядининг ўт очиб қўллаш гуруҳи катта мутахассиси лавозимида фаолият кўрсатиш билан бирга, ИИВ Академиясининг сиртқи бўлимида таҳсил оляпти.
Жаҳонгир хизмат фаолиятига ҳамоҳанг тарзда спортнинг “қўл жанги” ва “жанговар самбо” турлари бўйича мунтазам шуғулланиб келмоқда. У иккала спорт турида ўтказиладиган барча мусобақаларда фаол қатнашиб, Республика ҳамда Жаҳон чемпиони номига мушарраф бўлди. Жумладан, спортнинг “қўл жанги” тури бўйича 2016 йил Белгияда ўтказилган Европа чемпионатида, 2017 йил Москва шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, 2018 йил Москва шаҳрида шу спорт тури бўйича WТКС камари соҳиби, 2017−2019 йилларда Бухоро, Наманган ҳамда Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган профессионаллар ўртасида халқаро турнир ғолиби, 2019 йилда спортнинг “Аралаш жанг якка кураши” ММА 20-турнири ғолиби, 2020 йил Беларус давлатининг Минск шаҳрида “ҲСИФ” йўналиши бўйича ўтказилган Жаҳон кубогида биринчи ўрин, 2020 йилда ўтказилган спортнинг “Аралаш жанг якка кураши” ММА тури бўйича Мудофаа вазирлиги кубоги соҳиби бўлиб, ғолиблик нашидасини сурди.
Чемпион ходимимиз жорий йилда ўтказилаётган “қўл жанги” мусобақаларида ҳам анъанасини давом эттириб келяпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасидаги биринчиликда ҳамда Ўзбекистон чемпионатида мутлақ ғолиб бўлди. Қисқаси, катта сержант Ж. Жумаев, “қўл жанги”, “аралаш жанг якка кураши” ҳамда “жанговар самбо” бўйича Ўзбекистон Республикаси терма жаомаси таркибига киритилган. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг “Спорт устаси” ва “Халқаро тоифадаги спорт устаси” даражаларига эга бўлган.
Кўриб турганингиздек, катта сержант Ж. Жумаев хизмат билан бир пайтда доимгидай спортда ҳам муваффақиятларга эришиб келяпти. Ўйлаймизки, бундан кейин ҳам ютуқлар шоҳсупасини забт этиб, хизматдан обрў топаверади.
Жасурбек ШУКРУЛЛАЕВ,
лейтенант.
Бухоро вилояти.
