Яқинда маҳалламизда жуда хунук воқеа бўлди. Кечки маҳал. Велосипед ҳайдаб кетаётган 13–14 ёшлардаги бола бехосдан уй ёнида турган машинага бориб урилди. Бола ўрнидан туриб улгурмасдан, машина эгаси – девдек барзанги уйидан югуриб чиқди-ю, унинг бўйнига ёпишди. «Амаки, узр, кўрмай қолибман», деганига қарамай, йигитчани худди ичига пахта тўлдирилган юмшоқ ўйинчоқдек силтай кетди. Атрофга бир зумда одамлар тўпланишди. Лекин бирор кимса уларни ажратиб қўйишни, болани барзангининг қўлидан қутқаришни хаёлига келтирмади. Чидолмадим: «Қўшни, бола билмай қолибди, қўйворинг, ота-онаси зарарингизни қоплаб беришади», деганимни биламан, на ота-онам қолди, на бобо-бувим – у бутун уруғ-аймоғимни «эслаб чиқди». Шу пайт қаердандир йигитчанинг укаси пайдо бўлди-ю, одамлар панасида туриб зўравонни сўкди. Энг ёмони шундан кейин содир бўлди: оддий темир «арава»ни ҳар нарсадан устун қўйган «дев» тиззасини кўтариб аканинг иягига тепди. Гўё гладиаторлар жангини томоша қилаётган оломон баравар «О-оооо» деб юборди...
Барзангини тўхтатиб қоладиган куч бўлмаса, у осонликча болани қўйиб юбормаслигини тушундим. Шундан сўнг «102» рақамига қўнғироқ қилиб, баланд овозда бўлаётган воқеа ҳақида хабар қилдим. «Полвон» менга еб қўйгудек тикилиб, бир нималар деб сўкинган бўлса-да, қўлида мусичадек титраб турган болани тинч қўйди. Ўша куни мен фақатгина барзангидан эмас, унинг зўравонликларига индамай томошабин бўлиб турган маҳалладошларимдан ҳам хафа бўлдим. Биз ўзимиздан бўлак бошқа бир инсон, бўлак бир оила ҳаётига бефарқмиз!
Унда жамиятни ким қутқаради?!
