Фориш тумани 1935-йил Самарқанд вилояти таркибида Боғдон номи билан ташкил этилган. 1962-йилда Нурота ва Жиззах туманларига қўшиб юборилган. Сирдарё вилояти тузилгач, 1964-йил туман Фориш номи билан қайта ташкил қилинади. 1974-йилда эса Жиззах вилояти ташкил этилиб, Фориш унинг таркибига киритилади.
Шимол ва шимоли-шарқдан Қозоғистон, шарқдан Жиззах, Зафаробод, Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл туманлари, жанубдан Ғаллаорол тумани, ғарбдан Самарқанд ва Навоий вилоятлари билан чегарадош. Майдони 9,53 минг км кв бўлиб, вилоят умумий майдонининг 48 фоизини эгаллайди. Аҳолиси 99 минг кишидан кўп.
Релефи пасттекислик, қир, адирлар ҳамда Нурота, Балиқлитов, Писталитоғ, Етимтоғ, Қўйтош каби тоғ ва тизмалардан иборат. Нуротанинг энг баланд чўққиси – Ҳаётбоши денгиз сатҳидан 2169 метр баландда.
Қадимий сув иншоотларидан бири «Хонбанди» тўғонидир. Тўлиқ гранит тошлардан таркиб топган тўғон туман маркази шимолида, Пистали тоғи оралиғида Осмонсой, Илончи, Ёмчи, Ўртақишлоқ, Ётоқ сингари тоғли қишлоқлар теварагидаги даралардан оқувчи сувларни жамғариш ва ёзда экинларни суғориш мақсадида бунёд этилган. Эни 200 метр, узунлиги 1,5 километр бўлган сув омборида бир вақтлар 1 миллион 600 метр куб сув тўпланган. ХВИ асрда Шайбонийлар сулоласининг машҳур вакили Абдуллахон ИИ нинг буйруғи асосида қурилган иншоот сув камайиши ортидан кейинчалик ўз аҳамиятини йўқотган.
Етимтоғ этакларида милоддан аввалги даврга тегишли қабрлар топилган. Қолаверса, туман ҳудудида қадим қўрғон қолдиқлари ва қояларга чизилган суратларни кўришингиз мумкин. Можрум қишлоғида эса 2 минг йиллик арча бор. Ушбу дарахт танасининг диаметри
8 метр, бўйи 20 метрдан ошади.
Майдони 17 минг гектардан ошадиган «Нурота» қўриқхонасида 196 турдаги қушлар яшайди,
814 турдаги ўсимликлар ўсади. Эътиборлиси, қўриқхонани 1,5 мингдан зиёд олқорлар макон тутган.
Форишнинг катта қисмини эгаллаган Айдар–Арнасой кўллар тизими 1969-йилда ёғингарчиликнинг ҳаддан зиёд кучайиши ортидан аҳоли пунктларини сув босишининг олдини олиш учун «Чордара» сув омбори сувларининг яйловларга оқизилиши натижасида юзага келган.
Ҳудудда юздан зиёд сув қушлари қўним топган. Бу қушларнинг 13 тури халқаро, 24 таси мамлакатимиз қизил китобига киритилган. Шунингдек, ҳавзада 20 дан ортиқ турда балиқлар мавжуд.
Форишда оҳактош, мармар ва базалтнинг йирик конлари мавжуд. Учқулоч конидан темир, рух, қўрғошин олиш имкони бор. Мазкур ерости бойликлари туманда оҳак, семент ҳамда базалт толали маҳсулотларини кенг кўламда ишлаб чиқаришда қўл келаётир.
Айтганча, форишликлар орасида Амир Темур тумандаги қишлоқлардан бирини Франсия пойтахтига менгзаб Париж, дея атаганига оид афсона юради. Кейинчалик ана шу ном қишлоқдан туманга кўчган экан. Бу талқин қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини айтиш қийин.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.
