М

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров Ғаллаорол туманининг “Гулчамбар” ва “Қипчоқсув” қишлоқ фуқаролар йиғинларида бўлиб, аҳоли муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу жараёнда йўлларни созлаш ва электр таъминотини яхшилаш юзасидан ҳокимлик, вилоят ва туман йўл қурилиш ташкилотлари раҳбарлари билан мулоқот ўтказди.

Сектор раҳбари Жарбулоқ қишлоғидаги 50-сонли ўрта умумтаълим мактаби шароитларини ҳам кўздан кечирди. Ўз навбатида Ғаллаорол тумани ҳокими Жалолиддин Оқбоэв ўқув муассасасини капитал таъмирлаш чоралари кўрилишини билдирди. Шу куни вилоят ИИБ бошлиғи томонидан Қипчоқсувда ўтказилган сайёр қабулда кўмак сўраган гулчамбарлик Севара Кенжаэвага тикув машинаси топширилди.

Сўнг Гулчамбар қишлоғидан ўтган 14 километрлик таъмирга муҳтож Зармитан йўли ҳамда Солин қишлоғида қурилаётган бетон йўл кўздан кечирилди. Учинчи сектор раҳбарининг ташаббуси билан ҳудуддаги аҳоли пунктларига электр устунлари ўрнатиш ва тармоқ тортиш ишлари жадаллашди. Жумладан, ўтган 15 кунда Гулчамбар қишлоқ фуқаролар йиғинида 150 та устун ҳамда 2 та трансформатор ўрнатилган, 6 километр узунликда тармоқ тортилган.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.