Жорий йил 7-январ куни Қарши шаҳар “Қавали” маҳалласида яшовчи фуқаро И.А. “102” хизматига қўнғироқ қилиб, “Комилон” маҳаласи ҳудудидаги банк ёнида “Дамас” русумли хизмат автомашинасидаги 150 миллион сўм микдоридаги пул ўғирлаб кетилганини билдирди.
Вилоят ИИБ тергов-тезкор гуруҳи таркибида воқеа жойига борган бошқарма Эксперт-криминалистика маркази катта эксперти, катта лейтенант Абдираззоқ Худойбердиев автомашина эшикларидан 6 та қўл-бармоқ изларини олади. Вилоят ИИБ ЭКМ автоматлаштирилган дактилоскопик таққослаш тизимида текшириб кўрилганида, ушбу қўл-бармоқ излари Қарши шаҳар “Арабхона” маҳалласида яшовчи Ш.А.га тегишли экани аниқланди. Шу туфайли гумонланувчи жиноятни содир этганини тан олди.
Ҳозир ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.
Катта эксперт, катта лейтенант Абдираззоқ Худойбердиэв 7 йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилмоқда. Ўтган даврда ИИВ Академиясида эксперт-криминалистика йўналишида ўқиб, 6 турдаги экспертизалар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди.
Биргина ўтган йили 250 та тадқиқот ўтказиб, 230 тасига ижобий хулосалар беришга муваффақ бўлди.
Содиқ РАҲИМОВ,
Ўз мухбиримиз.
Қашқадарё вилояти.
