Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги Қоратепа қишлоғида истиқомат қилувчи ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги подполковник Бўрибой Омонзода қаламдан қадр топган фидойи журналистлардан бири саналади.
Болаликдан матбуотга меҳр қўйган Бўрибой ака ўзи туғилиб ўсган Ёзёвон тумани ҳокимлигининг «Марказий Фарғона» газетасида дастлаб жамоатчи мухбир, кейинчалик мухбир, бўлим мудири вазифаларида ишлаб, журналистика оламига дадил қадамлар билан кириб келган.
1994-йилда Ички ишлар вазирлигининг «Постда» ва «На посту» газеталарига Фарғона водийси бўйича ўз мухбири вазифасига ишга олингач, Бўрибой Омонзоданинг ҳаёти ва ижодида туб бурилиш рўй берди. Ушбу нашрларда мухбир бўлиб ишлаб, ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб мақолалари билан танилган ёш журналист йигитни 1995-йилда Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти бошқарма қошидаги Матбуот бюроси инспектори вазифасига ишга таклиф этишди. Эл-юрт осойишталигига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган ёш журналист бошқарма раҳбариятининг таклифини қабул қилди.
Шундан сўнг қаҳрамонимиз 1995-йилдан 2007-йилга қадар Фарғона вилояти ИИБ Матбуот хизматида самарали фаолият кўрсатди. 2007-йили вилоят ИИБ Шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғи ўринбосари – Шахсий таркибни тарбиялаш ва ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўлинмаси бошлиғи вазифасига тайинланди. Кейинчалик 2009-йилда яна ўз севимли ишига қайтди. 2015-йилда вилоят ИИБ Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлинмаси оммавий ахборот воситалари билан алоқа гуруҳи катта инспектори вазифасидан пенсияга чиқди.
Ўзининг ҳуқуқий мавзудаги долзарб мақолалари ва телекўрсатувлари билан яхши танилган Бўрибой Омонзода бугун ҳам эл-юрт хизматидан тўхтагани йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси бош мутахассиси вазифасида меҳнат қилмоқда.
– Журналистика ҳаётимнинг мазмунига айланган, – дейди қаҳрамонимиз. – Бу соҳада ишлаш аслида осон эмас. Унинг машаққатларини енгиб ўтиш учун ижодкор пухта билимга эга, ҳалол ва виждонли бўлиши керак. Бир пайтлар туман газетасида ишлаганимда Умаржон Исмоилов, Алишер Тошқулов, Азимжон Худойқулов, Маликжон Бойматов, Одилжон Жалолов каби устозларим менга моҳир журналист бўлиш учун нималарга эътибор бериш кераклигини ўргатишган эди. Бугун эса устозларимдан ўрганганларимни, тажрибаларимни соҳага кириб келаётган ёш журналистларга баҳоли қудрат ўргатиб келяпман.
– Устозимиз Бўрибой Омонзода ички ишлар органлари тарихи ва бугунги фаолиятини яхши биладиган, ҳуқуқий мавзуларда ёзишнинг ҳадисини олган журналист, – дейди вилоят ИИБ Ахборот хизмати раҳбари, катта лейтенант Исмоилжон Шарипов. – Мен ҳам баъзида у кишининг маслаҳатларига муҳтож бўлиб тураман. Билмаганларимизни ўргатади. Интернет ривожланган бугунги даврда ахборот хизматлари олдида турган вазифаларни, тезкорлик ва холисликни таъминлаш учун нималарга эътибор беришимиз кераклигини эслатиб, зарур тавсиялар беради.
Тажрибали журналист бахтиёр оила соҳиби ҳам саналади. Турмуш ўртоғи Ўғилхон Раҳмонова билан ҳамжиҳатликда 4 нафар фарзандни намунали инсонлар қилиб вояга етказишди. Айни пайтда 5 нафар ширингина набиралари ҳам бор.
Абдувосит СИДИҚОВ,
«Постда» мухбири.
Фарғона вилояти.
