... 2019-йили Президентимиз ташаббуси билан ички ишлар органларида хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи лавозим жорий этилгач, Наманган вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи лавозимига тажрибали ва малакали кадр Насиба Турғунова тайинланган эди. Мен ўша пайтда опа билан бирга ишлардим.

Насиба опа оқила, доно, талабчан ва қатъиятли бўлиб, биз – шогирдларига билмаганларимизни ўргатишдан ҳеч қачон эринмасди. Ўз касбини жуда яхши кўрар, ҳужжатлар бадастир бўлмагунча иш столидан силжимасди. Фидойилик билан намуна кўрсатиб ишладики, кўп фазилатларидан барчамиз ибрат олдик. 

Устоз хизмат фаолияти давомида бирор марта интизомий жазога тортилганини эслолмайман. Деярли ҳар байрам арафаси вазирлик ва бошқарманинг ташаккурнома, пул мукофотлари билан тақдирланганларида ҳавас-ла қарардик. 

Бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди: бир куни ҳимоя ордери олган аёлнинг турмуш ўртоғи норози бўлиб, дағдаға қилиб кириб келди. Насиба Турғунова босиқлик билан гўзал муомала қилиб ҳимоя ордери беришдан мақсад оилани сақлаб қолиш кераклигини, оила муқаддас эканини жуда чиройли мисоллар билан тушунтириб берганки, жаҳл отига миниб келган фуқаро муо­маласидан уялиб қўли кўксида, кечирим сўраб чиқиб кетган. Эшитишимизча, эркак ўша куниёқ аёлининг олдига бориб, кечирим сўраб, оиласини ажра­лишдан сақлаб қолибди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ўшанда касбимизда маҳоратли нутқ эгаси бўлиш ҳам муҳимли­гини англаб етгандим. Йиллар давомида ўқиб ўрганганларим ҳам, кўриб уққанларим ҳам кўп. 

Насиба Турғунова бугунги кунда пенсияда оила даврасида. Данагидан мағзи ширин дегандек, ўғли Жавоҳир­нинг шириндан-шакар икки фарзандининг тарбияси билан машғул.

«Бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин, устоз! Доим шогирдлар ҳурмати, фарзандлар ардоғида яшанг», деб тилак билдирамиз. 

Гулноза РАҲМАТУЛЛАЕВА,

капитан.

Наманган вилояти.