Ақл ва билим шундай хазинаки, қанча ишлацак ҳам тугамайди, балки ҳаётимизга мазмун кириб, турмушимиз фаровонлашиб бораверади. Аммо орамизда шундай инсонлар борки, бу бебаҳо хазинани беҳуда сарф этади. Улар инсонийлик юзасидан маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатганларни ҳам тан олмайди. Бу уларнинг энг катта хатосидир. Шундай пайтларда одамлар бир-бирига кўзгу, одобсиздан одоб, ақлсиздан ақл ўрган каби иборалар ўз-ўзидан эмас, ҳаётий ҳақиқатлар туфайли яралганига амин бўламиз. Яна бир ташвишли жиҳат шундаки, айримлар қўл урган иши хатолигини кўра-била туриб, уни тўхтатмаслиги билан навбатдаги муаммони «сотиб олади».
Асли жиззахлик, ҳозирда Самарқанд вилояти Жомбой туманида яшовчи Рустам (исм-шарифлар ўзгартирилди) шундайлардан чиқиб қолди. Унинг ноқонуний ҳаракатлари жиноят ишлари бўйича Жомбой тумани суди томонидан ҳуқуқий баҳоланиб, Ўзбекистон Республикаси Жкнинг тегишли моддаларига асосан, 3 йил-у 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди. Бироқ Рустам суд томонидан ўрнатилган соат 22 дан 7 гача бўлган вақт оралиғида яшаш уйидан чиқмаслик чекловини бир неча бора бузган. Тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан ўзига тегишли хулоса чиқармаган, балки жазони оғирига алмаштирмаслик учун Жомбой тумани ИИБ ЖХХ пробация гуруҳи инспектори, капитан Достон Абдуқаҳҳоровга 1000 АҚШ долларини пора тариқасида таклиф қилган.
Капитан Достон Абдуқаҳҳоров унга қилаётган ҳаракати ноқонунийлигини, пора бериш-олиш жиноят эканлигини бир неча бор тушунтирган, лекин у фикридан қайтмаган. Шундан сўнг инспектор Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2023-йил 2-феврал куни ўтказилган тезкор тадбирда Рустам капитан Достон Абдуқаҳҳоровга 7 миллион 500 минг сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган пайтида ушланиб, ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилди.
Хўш, энди бу ишлардан кейин қандай хулосага келиш мумкин? Доно халқимиз тилида «Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади», деган мақол бор. Орамизда Рустам сингари устомонлик билан қонун доирасидан чиқиб, камига ўзининг номаъқул қилмишини хаспўшлашга уринадиганлар йўқ эмас, албатта. Қувонарлиси, капитан Достон Абдуқаҳҳоровдек ҳалол, виждонли қонун посбонлари бор экан, ҳар қандай ноқонуний ҳаракатга ҳуқуқий баҳо берилади ва адолат қарор топади.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
