Подполковник Дилбар Асомова 1970-йили Тошкент шаҳрида туғилган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2004-йили Марказий тиббий комиссиянинг лор шифокори лавозимида бошлаган. 2016-йилдан бугунги кунга қадар ИИВ Марказий поликлиникасининг физиотерапия бўлинмаси бошлиғи лавозимида ишлаб келади.

– Физиотерапия муолажалари иммунитетни мустаҳкамлайди. Шунингдек, марказий қон айланишини фаоллаштиради, оғриқ қолдирувчи хусусиятга эга, тўқималар озиқланишини яхшилайди, – дейди подполковник Дилбар Асомова. – Физиотерапия муолажалари одамнинг ички резервларини уйғотади ва шу орқали таъсир ўтказади, одам организмидаги муҳим биохимик жараёнларни фаоллаштиради ҳамда табиий кучлар орқали беморни тузалишга ундайди. Аммо шифокор сифатида шуни ҳам таъкидлашим керак, бу даволаниш жараёнини нотўғри қўллаш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бемор физиотерапея муолажаларни олишдан аввал умумий қон таҳлили топшириши, ЭКГ ва УТТ текширувидан ўтиши лозим. Тери сезувчанлиги ҳам ниҳоятда муҳим. Ҳар қандай муолажа шифокор хулосасига кўра амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Агар ўзбошимчалик билан шифокорнинг тавсиясисиз бемор ўзи физиотерапия муолажалари олмоқчи бўлса, билиб-билмай танасига шикаст етказиб қўйиши мумкин. Ёш болалар ва янги туғилган чақалоқлар ҳам физиотерапия муолажаларини олиши мумкин, лекин хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда. Ҳар бир инсон иложи борича танасини нурланишдан ҳимоя қилиши шарт. 

Дилбар Асомова бўлинмада 10 га яқин ҳамширалар билан иш олиб боради. Ўзининг фидокорона меҳнати ва намунали ҳаёт йўли билан барчага ўрнак. Оилада икки нафар ўғил ва бир нафар қиз фарзандни турмуш ўртоғи билан камолга етказиб, эл корига камарбаста инсонлар этиб тарбиялашди.

– Ватаним учун хизмат қилаётганимга, юртдошларим учун керак эканимга, одамларга фойдам тегаётганига хурсанд бўламан. Бундан ортиқ бахт борми, ахир?! – дейди қаҳрамонимиз.  

Адолат ФАЙЗИЕВА,

ўз мухбиримиз.