Кубаро ёшлигидан ҳисоб-китобга уста эди. Шунинг учун ҳам рўйи заминнинг сайқали бўлмиш Самарқандда таваллуд топган қаҳрамонимизнинг кейинги тақдири айнан ҳисобчилик касби билан боғланди.
У ички ишлар органларида фаолият юритгани учун, айни пайтда, икки касбнинг эгаси бўлди.
1995-йилда Тошкент шаҳар ИИББ Молия-иқтисод бошқармасида ёлланма ишчи сифатида хизматни бошлаган К. Артикова 1999-йилдан эътиборан эгнига ички ишлар органлари либосини кийди. Бу эса унинг масъулиятини янада орттирди. Ширинсухан, ҳеч кимдан ёрдамини аямайдиган ходима фаолияти давомида кўплаб ходимлар корига ярайди. Кимдир маоши масаласида, кимдир пенсияга чиқиши муносабати билан маслаҳат сўраб келарди. Мурожаат қилувчиларнинг муаммосини эринмасдан тинглаб, уларга беғараз ёрдам берарди. Шу тариқа, 2010-йилга қадар фаолият юритган К. Артикова катта сержант унвонида ҳурмат-эътибор билан пенсияга кузатилди.
Ўз касбидан қадр топган ходима хизмат йиллари давомида бир қанча шогирдлар орттирди. Уларга ўз маслаҳатларини бериб, касбининг сир-асрорларини ўргатди. Ҳозиргача ҳам шогирдларининг кўпчилиги ундан маслаҳат сўраб туришади.
Ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматларида фаолият юритган истеъфодаги подполковник Шуҳратилла Артиков ҳам ИИВ
Штбихда бўлим катта инспектори, муҳим топшириқлар бўйича катта инспектор, бўлим бошлиғининг ўринбосари лавозимларида самарали хизмат қилиб, соҳага фидойи кадрларни танлаш, тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшди.
– Ўзим суйган касбда фаолият юритиб, устозларимнинг беминнат ўгитларини олиб кам бўлмадим, – дейди Кубаро Артикова. – Турмуш ўртоғим билан ҳам соҳада хизмат қилиш мобайнида танишганман. Пенсияда бўлсам-да, шогирдларим тез-тез хабар олиб, кези келганда эса маслаҳат сўраб турганидан танлаган касбимдан фахрланиб кетаман.
Куни кеча фарзандлари, набиралари ҳамда ўғиллардан ҳам ўзадиган куёвларининг дуогўйи бўлган Шуҳратилла ака ва Кубаро опа хонадонига яқинлари ва шогирдлари жамулжам бўлишди. Улар муборак 60 ёшини қарши олган Кубаро опани чин дилдан қутлашди ва энг эзгу тилакларини билдиришди.
Сарвар СОБИРОВ,
ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.
