Ўқитувчилик – касблар ичида энг улуғи ва шарафлисидир. Ўқитувчи шогирдига билим бериш билан бирга, унинг таълим-тарбияси ва хулқининг ҳам ижобий томон ўзгаришига беминнат ҳисса қўшувчи фидойи инсондир. Шу боис ўқитувчи бўлиб ишлаётганлигимдан ҳар доим ҳақли равишда фахрланаман. Бу фахр ҳисси зиммамга катта масъулият билан бирга мажбурият ҳам юклайди.

Мустақил юртимизда истиқлол йилларида ўқитувчи-мураббийларга, айниқса, таълим соҳасига алоҳида эътибор бериляпти. Хусусан, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва уни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи сифатида Президентимизнинг 2021 йил 15 апрелдаги «Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланганлиги муҳим воқеа бўлди. Қарорга мувофиқ, узлуксиз ўқув-карера жараёни тизими хизмат, жанговар ва жисмоний ҳамда маънавий-маърифий тайёргарлик йўналишларида олиб борилаяпти.

Айтиб ўтиш жоизки, касбдошларимизнинг самарали фаолият олиб боришлари учун кенг имконият ҳамда шарт-шароитлар яратилди. Айниқса, соҳани ривожлантиришга алоҳида ҳисса қўшган педагог-ходимлар меҳнатининг рағбатлантириб борилиши биз – таълим соҳасида ишловчи устоз-мураббийларнинг янада кўпроқ меҳнат қилишимиз ва изланишимизга туртки бўлмоқда.

Ички ишлар органлари сафдор, сержант, офицер ва раҳбар ходимларининг хизматдан ажралмаган ҳолда бевосита жойларда малакасини оширишни таъминлаш мақсадида масофавий ва мобил сайёр курсларни ўтказиш амалиётини жорий этилганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Устозлар ҳақида гап борганда ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу байтлари ҳар доим ёдга келаверади. Зеро, бу улуғ зотлар ҳақида Навоийдан ошириб бир сўз айтмоқ мушкулдир.

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Ғайрат ТОШҚУЛОВ,

ИИВ Малака ошириш институти

катта ўқитувчиси, маёр.