ИИВ Самарқанд академик лицейи бугунги кунда фақат билим улашаётган маскан эмас, балки Ватанга садоқат, юрт тақдирига дахлдорлик ва фидойиликни ўргатувчи мактабга айланган. Бу ердаги ҳар бир ўқувчи келажакда Ватан тинчлиги, халқ осойишталиги ва қонун устуворлиги учун хизмат қилишни ўзининг шарафли мақсади деб билади.
2024–2025-ўқув йилида Академик лицейни 197 нафар ўқувчи тамомлаб, шундан 21 нафари ИИВ Академиясига, 3 нафари Жхуга, 2 нафари Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига, 1 нафари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясига ўқишга қабул қилинди. 156 нафари эса бошқа олий таълим муассасаларида таҳсилни давом эттирмоқда.
— Келажак бугундан бошланади. Уни яратиш учун эса фақат орзу эмас, балки ҳаракат, сабр ва ишонч ҳам керак, — дейди турон яккакураши бўйича бир неча бор чемпион Шаббона Исмоилова. Ҳар бир ёш ўзини келажак бунёдкори, ўз Ватанига дахлдор, фаол шахс деб билиши лозим. Чунки келажак тасодиф эмас, у биз яратадиган ҳақиқатдир. Шу юрт осойишталиги йўлида хизмат қилишга бўлган қизиқишим мақсадга айланиб, ҳозирда академик лицейнинг 2-босқич ўқувчисиман. Ўқишни тугаллаб, ИИВ Академиясида таҳсилни давом эттираман,
Лицейдаги таълим-тарбия тизими фақатгина назарий билимлар билан чекланиб қолмайди. Ушбу масканда маънавият, маърифат, юксак фуқаролик масъулияти, ҳалоллик ва садоқат асосий қадриятлар сифатида шакллантирилади. Ёшлар бу ерда нафақат ҳуқуқшунослик, жиноятчиликка қарши кураш, хавфсизлик каби соҳаларни ўрганадилар, балки инсонпарварлик, дўстлик, ватанпарварлик ва адолат тушунчалари билан танишадилар.
Сабрина Ҳакимова академик лицейнинг 2-босқич ўқувчиси. У фаол, иқтидорли, изланувчан ёшлардан бири. Тил ўрганишга қизиқади, китоб ўқиш севимли машғулоти. Ўзбек тили ва адабиёти фанидан олимпиадаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган. Тенгдошларига ҳамиша олға интилиш, ўз устида ишлаш кераклигини айтиб, уларни билим олишга даъват этувчи ёшлардан. Ўқишдан кейинги кун тартиби режали. Турли тўгараклар, спорт билан шуғулланиш, китоб ўқиш — ҳаммасига улгуради.
Академик лицейда келажакда терговчи, ҳуқуқшунос, инспектор-психолог ёки давлат хизматчиси бўлишни орзу қилаётганлар кўп. Аммо мақсад битта — тинчликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, қонунийликни таъминлаш. Бу келажак бунёдкорларининг орзуси.
Ҳар бир лицей ўқувчиси ўзининг хизмат йўлини ҳали лицей партасида ўтирган пайтда белгилайди. Улар ҳар куни форма кийиб, ички ишлар органлари ходимининг масъулиятини ҳис қилади. Шу тариқа фақат ташқи кўриниш эмас, балки ҳуқуқ ва бурч тушунчаларини амалда ўрганишади.
Рашид Алиқулов ҳам академик лицейни тугаллаб, ИИВ Академияси сари йўл олишга шай турган иқтидорли, аълочи ёшлардан бири. У инглиз тилини пухта ўрганиб, «Б2» даражали сертификатни қўлга киритган. Тарих, ҳуқуқ фанларини яхши билади. Турли кўрик-танловларнинг фаол иштирокчиси. Биз ёшлар билан мулоқот чоғимизда уларнинг фикрлари теран, мушоҳадали, сўзлари бурро, мақсадлари аниқ ва танлаган йўлидан қайтмас, кўзларида иштиёқ чақнаб турганлигини сездик.
Бу ерда фан машғулотларидан ташқари, спорт тўгараклари ҳам кенг йўлга қўйилган. Ўқувчилар мунтазам равишда спорт билан шуғулланиб, 2024-йилда уларнинг 47 нафари турли беллашувларда совриндорликни қўлга киритган. Шундан 32 нафари туман ва шаҳар миқиёсида ўтказилган мусобақалар ғолиби, 10 нафари вилоят босқичи ғолиблари, 2 нафари республика босқичи ғолиблигини қўлга киритган. 2024 — 2025-ўқув йилида инглиз тили фанидан 106-гуруҳ ўқувчиси Мансур Асатуллаев олимпиаданинг Самарқанд вилояти босқичида 2-ўринни қўлга киритди.
Келажак бунёдкорлари айнан ана шундай билимли, фидойи, масъулиятли ва садоқатли бўлишлари лозим. Улар бугун тайёргарлик кўряпти. Эртага эса юрт тақдири уларнинг қўлида бўлади.
Умида Мамадалиева,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
