Сарҳадлари қўшни давлатлар билан туташиб кетган Деҳқонобод туманида 103 та умумтаълим мактаби, 2 та касб-ҳунар мактаби ва Тиббиёт коллежи мавжуд. Бу таълим муассасаларида 32 мингга яқин ўғил-қизлар таҳсил олади.

Жорий йилнинг дастлабки 4 ойи давомида туман ИИБ ҲПБ вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари томонидан вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Маҳалла фаоллари, ўқув муассасалари, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси, ёшлар ташкилотлари ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари билан ҳамкорликда фаолият олиб борилаётгани хизматда самарадорлик омили бўлмоқда. 

– Афсуски, вояга етмаганлар билан профилактик ишлар олиб борилаётганига қарамасдан, назорациз қолган ёки ота-онанинг фарзанд тарбиясига салбий таъсири натижасида хатти-ҳаракатлари, хулқида салбий ўзгаришлар кузатилган 26 нафар ўсмир профилактик ҳисобга олинди, – дейди туман ИИБ ҲПБ вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психологи, подполковник Олимжон Хушвақтов. – Фарзандлари тарбиясига салбий таъсир кўрсатгани учун 71 нафар ота-онага нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилди. 

Ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида «Ёшлар – келажак бунёдкори» шиори остида 16 марта «Ҳоким ва ёшлар» мавзусида учрашувлар ўтказилди. 500 нафарга яқин ёшлар қамраб олинган мазкур учрашувларда 110 та таклиф ва муаммоли масалалар билдирилиб, шундан 94 таси ҳал этилди, 16 таси бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Ўқувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида «Тафаккур синовлари», «Сиз қонунни биласизми?», «Ёшлар ва қонун» танловлари ташкил этилди.

Жойларда ёшлар, айниқса, вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш, уларнинг асл сабабларини ўрганиш мақсадида Ёшлар агентлиги туман кенгаши ҳамда ИИБ ўртасида икки тарафлама ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.

Содиқ РАҲИМОВ,

«Постда» мухбири.

Қашқадарё вилояти.