Пештоқига «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи» деган сўзлар ёзилган бинога кириб келган Дилшоднинг кўнглини беихтиёр ғурур ҳисси тўлдирди. Қувонмасинми, ахир, бу ерда ўқиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.
Дарҳақиқат, у учун мазкур таълим муассасаси ўқувчилари қаторидан жой олиш осон кечмаган. Тиббий кўрик, билим ва дунёқарашни аниқлашга қаратилган икки босқичли суҳбат, психологик тест, имло, грамматика ва адабиётга оид билимларини баҳолаш мақсадида ўтказилган ёзма иш, жисмоний тайёргарлик синови, бир қатор фанлар бўйича билим даражасини белгиловчи якуний тест. Хуллас, кўплаб ўқувчилар орасидан саралаб олинганлар шу ерда.
Бу ерда ўқиётганларнинг бир қисми аллақачон муайян натижаларга эришиб бўлган. Мисол учун 17 ёшли Шаҳбоз Мўминов республика миқёсида ўтказилган чемпионатларда 13 та олтин медални қўлга киритган. Қўл жанги бўйича мамлакат терма жамоасининг аъзоси, спорт устаси. 2018 йилнинг май ойида Россиянинг Уфа шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ва Евроосиё чемпионатида кумуш медал соҳиби бўлган. Ўша йили сентябр ойида Россиянинг Тула шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида 2-ўринни эгаллади. 2019 йилда Алматида ташкил этилган Жаҳон чемпионатида ҳам кумуш медални қўлга киритди. Айни вақтда Шаҳбоз 2021 йилнинг феврал ойида пойтахтимизда ўтказилажак саралаш баҳсларига ҳозирлик кўрмоқда. Агарда бу мусобақада ҳам омади келса, яна бир жаҳон чемпионатида иштирок этади.
Бундай натижаларга спорт усталари Зилола Қипчоқова ва Асадбек Бўрибоэв ҳам эришган. Умуман олганда, лицейда мамлакат миқёсидаги спорт мусобақаларида юқори кўрсаткичларни қайд этаётган ўнга яқин ёшлар таълим олади. Жумладан, лицей спортчилари ўтган йилнинг 6–8 март кунлари Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида қўл жанги бўйича ўтказилган чемпионатда 3 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза, 11–15 март кунлари Тошкент шаҳрида аралаш жанг санъатининг ММА йўналиши бўйича ташкил этилган мусобақада 2 та кумуш, 1 та бронза, айни шу спорт тури бўйича 22–25 сентябр кунлари Бухорода уюштирилган чемпионатда 2 та кумуш, 25–28 ноябр кунлари Қарши шаҳрида қўл жанги бўйича бўлиб ўтган мусобақада 2 та олтин ва 3 та бронза медалини қўлга киритишди.
Бошқа соҳаларда ҳам лицей ўқувчилари фаол. 2018–2019 йилларда Азиза Шокирова ҳамда Зуҳра Йўлчиэва Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлишган. Дилшоднинг ўзига келадиган бўлсак, мактабда ўқиб юрган кезлари тарих фанидан республика миқёсида ўтказилган билимлар беллашувида икки марта биринчи ўринни қўлга киритган. 9 ёшидан буён шахмат ўйнайди ва бу спорт тури бўйича вилоят миқёсида бўлиб ўтган чемпионатда шоҳсупанинг 3-поғонасига кўтарилган. 2020 йилнинг февралида республикамиздаги ҳарбийлаштирилган лицейлар ўқувчилари иштирокида ташкил қилинган «Билимдон ватанпарвар» фан олимпиадасида тарих фанидан 2-ўринни қўлга киритди.
Лицейда Дилшод ва унинг тенгдошлари комил инсон бўлиб шаклланишлари, умумтаълим ҳамда умумкасбий фанларни пухта ўзлаштириши учун барча шароит яратилган. Жумладан, ўқувчилар замон талабига мос тарзда жиҳозланган синфхоналарда ички ишлар органлари фаолияти, маъмурий ҳуқуқ, суриштирувни ташкил этиш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, эксперт-криминалистика, тергов, патрул-пост хизмати каби умумкасбий фанларни ўзлаштириш билан бирга, саф машқи, жанговар қурол-яроғларни йиғиш ҳамда Умумҳарбий низомга оид билим ва кўникмаларини бойитадилар. Худди шундай, ҳуқуққа алоқадор фанларга алоҳида эътибор қаратилади.
Тўғри, пандемия туфайли бу тадбирлар бироз сустлашгандек бўлди. Лицейга оптик толали тармоқ тортилиб, ўқувчиларнинг «ЗООМ» дастури орқали билим олиши учун шароит яратилиши билан ҳаммаси ўзгарди. Ушбу янгилик ёшларнинг йирик кутубхоналардаги электрон адабиётлардан фойдаланиш, турдош лицейлар ўртасида ҳамда халқаро миқёсдаги илмий конференцияларда билвосита қатнашиш имкониятини кенгайтирди. Телеграм каналида эса гуруҳлар очилиб, ўқувчиларнинг билимини оширишга қаратилган «Мунозара» клублари юзага келтирилди.
Бу имконияту шароитлардан тўғри фойдаланган тенгдошларининг орзулари рўёбга чиқишига Дилшоднинг ишончи комил. Чунончи, ўтган ўқув йилида у таълим олаётган лицейнинг 97 нафар битирувчиси олий ўқув юртларига кирди. Улардан бири Нигора Мамараимова Хитойнинг Гуанчжоу университетининг халқаро туризм факултетида таҳсил олмоқда. 13 нафар йигит-қизга эса ИИВ Академияси курсантлари сафидан жой олиш насиб этди.
У яна шунга ишонадики, жорий йил кузининг илк кунида ИИВ Академиясида курсантлар рўйхати ўқилганида Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Хуросон қишлоғида яшовчи, ИИВ Жиззах академик лицейида ўқиган Дилшод Тоштемировнинг ҳам исми шарифи, албатта, тилга олинади. У мазкур ниятининг ушалиши учун бор кучи ва салоҳиятини билим олишга сафарбар этяпти.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
«Ростда» мухбири.
Жиззах вилояти.
Муаллиф олган суратлар.
