Ички ишлар органларида эркаклар билан ёнма-ён туриб, сидқидилдан хизмат қилаётган фидойи ва қатъиятли аёл ходималар талайгина. Улар орасида Хоразм вилояти ИИБ ТҚХ Жиноят қидирув бошқармаси тезкор вакили, маёр Наргиза Бекчанова ҳам бор.
ИИВ Академиясини тамомлаган Наргиза илк хизмат фаолиятини Ҳазорасп тумани ИИБ ҲПБ Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи инспектори лавозимида бошлади. Соҳага кўникишида унга мураббийлари яқиндан ёрдам беришди, йўл-йўриқ кўрсатишди. Натижада ҳамжиҳатликда амалга оширилган профилактик тадбирлар бир йил ўтар-ўтмас ўз самарасини берди. Туман ҳудудида вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилиши кескин камайишига эришилди.
Ёш ходимнинг қўлга киритган бу ютуғи унга янада масъулиятли лавозимда ишлаш имкониятини яратди.
У вилоят ИИБ ТҚХ Жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходими лавозимида хизмат фаолиятини давом эттирди. Жиноятларни фош этиш шунчаки осон иш эмас, албатта. Буни яхши англаган лавҳамиз қаҳрамони зиммасидаги вазифага янада масъулият билан ёндашди.
Маёр Н. Бекчанова жорий йилда ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилган «Энг яхши китобхон» кўрик-танловининг республика босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Лавҳамиз қаҳрамони умр йўлдоши, маёр Жалолбек Бобожонов билан оила тинч-тотувлигига алоҳида эътибор беришяпти. Камронбек ва Нозимахон осойишталик посбонларининг суюкли фарзандлари сифатида камолга етмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
